Ўзбекистонда «Йил ўқитувчиси» танлови ўтказилиб, ғолибларга уч хонали уй берилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Педагогик маҳорат миллий институтида ўқитувчи ва мураббийлар билан мулоқот чоғида маълум қилди.
«Таъкидлаш керакки, юксак маҳоратли, жонкуяр ва талабчан ўқитувчилар – булар ҳам халқнинг, миллатнинг ноёб бойлиги. Уларнинг ҳар бири такрорланмас шахс. Уларнинг машаққатли, масъулиятли меҳнати энг юксак баҳо ва рағбатга муносиб.
Ҳар йили “Йил ўқитувчиси” танлови ўтказилиб, туман ва шаҳарларда ғолиб бўлган ўқитувчиларга президент совғаси сифатида уч хонали уй берилади.
208 нафар ўқитувчи уч хонали уй олади. Лекин уй бекордан бекорга берилмайди. Туманда ғолиб бўлиш керак, туманда донғи кетган бўлиши керак.
Нима учун ўқитувчиларга беряпман. Бу энг тўғри йўл», — деган Шавкат Мирзиёев.
Мулоқотда давлати раҳбари таълим сифати масаласига алоҳида тўхталди.

Давлат таълим муассасаларида 46 минг нафар, хусусий ташкилотларда эса 38 минг нафар педагог 5 йил давомида малака оширмагани қайд этилди. Бу йил сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ёрдамида ўтказилган аттестация жараёнларида 21 минг нафар педагог малака бўйича етарли балл тўплай олмаган. Афсуски, бундай ҳолатлар ўқувчиларнинг билимига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шу боис, таълим сифатини янги босқичга кўтариш бўйича 7 та йўналишда вазифалар белгиланди.
Биринчи йўналиш. Абдулла Авлоний номидаги институт педагогларда касб маҳоратини оширишга масъул бўлади. Институтнинг 12 та ҳудудий марказини замонавий қиёфага келтириш ва жиҳозлаш учун яқин 3 йилда бюджетдан ҳар йили 50 миллиард сўм ажратилади. Малака оширишда вазирлик – малака ошириш маркази – мактаб ва боғчани боғлайдиган вертикал тизим йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, жойларда 1 минг 300 та таянч мактаб ва 200 та боғча танлаб олиниб, ёш педагоглар учун “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” ташкил этилади. Бунинг учун етакчи ўқитувчиларнинг иш ҳақига 20 фоиз устама қўшилади.
Иккинчи йўналиш. Муаллимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини рағбатлантириш давом эттирилади. Келгуси ўқув йилидан халқаро стандартлар асосида малака сертификатини бериш йўлга қўйилади. Синовларда 86 ва ундан юқори балл олган педагоглар қўшимча 70 фоиз устама олади.









