Фан-техника | 13:52 / 02.10.2024
3376
2 дақиқада ўқилади

Skoda ўзининг биринчи ихчам электрокроссовери — Elroq’ни тақдим этди

Унинг нархи 31 640 евродан бошланади.

Фото: Skoda

Чехиянинг Skoda компанияси янги ихчам Elroq кроссоверини тақдим этди. Бу электромодел Modern Solid дизайнида ишлаб чиқарилган бўлиб, олд қисми узоқдан Kamiq моделига ўхшаб кетса, орқа томони каттароқ Enyaq моделини эслатади.

Ўлчамларга келсак, янги модел Karoq’дан бироз катта: узунлиги 4488 миллиметрни, ғилдирак базаси эса 2765 миллиметрни ташкил этади. Elroq MEB платформасида қурилган. Батареяларнинг учта варианти бўлади: 55, 63 ва 82 кВт/соатли.

Компания тўртта комплектацияни таклиф этади:

  • Elroq 50 — энг кичик батареяга ва 170 от кучидаги электр двигателга эга модел.
  • Elroq 60 — ўртача сиғим ва 204 от кучи қувватига эга модел, унинг энг катта батареяли иккита версия мавжуд.
  • Elroq 85 — орқа узатмали ва 285 от кучига эга бўлади.
  • Тўлиқ узатмали Elroq 85х варианти эса 2025 йилда тақдим этилади, лекин унинг параметрлари ҳозирча маълум қилинмаган.

Энг катта батареяли моделларнинг бир марталик тўлиқ қувват билан юриш масофаси 560 километргача деб эълон қилинди, максимал тезлик соатига 180 километр билан чекланган. Бошқа версиялар 160 километр/соатдан юқори тезликка эриша олмайди, юриш масофаси эса 370 ёки 400 километр деб белгиланган. Юқори версиялардаги автомобиллар 175 киловаттлик қувватлаш тизимини қўллаб-қувватлайди ва батареяни 10 фоиздан 80 фоизгача зарядлаш учун атиги 28 дақиқа талаб этилади.

Шунингдек, автомобилда 470 литр сиғимли юкхона, қўшимча жиҳоз сифатида матрица фаралар, катта 13 дюймли экран, кўплаб замонавий ёрдамчи тизимлар ва барча Skoda автомобилларига хос бўлган Simply Clever ақлли қурилмаси мавжуд

Чехия 2 октябрдан буюртмалар қабул қилишни бошлайди. Нархлар 800 000 крон, яъни 31 640 евродан (446 936 812 сўм) бошланади.

Мавзуга оид