Озарбойжон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркия соғлиқни сақлаш вазирлари TÜRKTRANSPLANT ягона ахборот тизимини яратиш ниятида баённома имзоладилар. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.
Қайд қилинишича, ҳужжат Озарбойжоннинг Шуша шаҳрида Туркийзабон давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо мамлакатлар соғлиқни сақлаш вазирлари йиғилиши доирасида имзоланган.
Баённоманинг мақсади ТДТ аъзо давлатлари ўртасида орган донорлиги ва трансплантацияси жараёнларини мувофиқлаштирувчи ягона ахборот тизимини яратишдан иборат.
TÜRKTRANSPLANT тизими донорлар ва реципиентлар ҳақида маълумот алмашишни таъминлайди, орган трансплантациясини ташкил қилишни соддалаштиради ва иштирокчи мамлакатларга донорлик ва трансплантация билан боғлиқ муаммоларни биргаликда ҳал қилиш имконини беради.
Баённомада, шунингдек, диагностика усулларини стандартлаштириш, трансплантация марказлари ва операцияларини ташкил этиш, шунингдек, тиббиёт мутахассисларининг малакасини ошириш кўзда тутилган.
Асосий мақсадлар қаторига ТДТ давлатларида орган трансплантацияси бўйича ягона қонунчиликни ишлаб чиқиш ва ўзаро ҳамкорлик асосида иштирокчи давлатлар учун мавжуд бўлган донор органлар захирасини яратиш киради.
TÜRKTRANSPLANT тизимининг яратилиши нафақат трансплантация соҳасида мувофиқлаштиришни кучайтиради, балки беморлар учун мавжуд бўлган донор органлар сонини сезиларли даражада оширади.











