Лицензияловчи орган тадбиркорлар учун максимал қийин талабларни жорий қилди. Эндиликда “умрачи” турфирмалар 1 миллион долларни махсус жамғармага захира қилиши, хизматларни учинчи давлатлар орқали кўрсатмаслиги ҳамда Саудиядаги ҳамкор ширкатга фақат банк орқали тўлов қилиши керак бўлади.
2024 йил 12 октябрь куни “Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг 668-сонли қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати маълум қилди.
2024 йил 2 июлда қабул қилинган қонун билан жорий йил 5 октябрдан Дин ишлари бўйича қўмита Умра хизматини кўрсатиш бўйича лицензия берувчи ваколатли орган сифатида белгиланган эди. Вазирлар Маҳкамасининг 668-сонли қарори билан Дин ишлари бўйича қўмита томонидан бериладиган лицензия шартлари эълон қилинди. Хусусан, қуйидаги талаб ва шартлари жорий этилмоқда:
- 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни “Зиёрат жамғармаси”га захира қилиб қўйиш;
- Зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисни тайинлаш;
- Турфирма штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича бир нафар мутахассиснинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумот;
- Вояга етмаган фуқароларга хизмат кўрсатмаслик;
- Ўз фаолиятини туроператор ва турагентлар орқали амалга оширмаслик;
- Зиёратчилар учун Саудия Арабистонининг фақат “Умра визаси”ни расмийлаштириш – бошқа виза билан олиб бориш ноқонуний ҳисобланади;
- Умра хизматлари Саудия Арабистони подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш ва улар кўрсатадиган хизматлар учун тўловларни банк муассасалари орқали амалга ошириш;
- Зиёратчиларга Макка ва Мадина шаҳарларида сифатли тиббий хизмат кўрсатиш;
- Халқаро йўналишда йўловчи ташиш бўйича 2 йилдан кам бўлмаган тажрибага эга, бу даврда йўловчи ташишнинг халқаро ва миллий қонунчилик талабларини бузмаган авиакомпания билан ҳамкорлик қилиш;
- Зиёратчиларни юборишдан олдин уларга бориш ва қайтиш авиачипталарини харид қилиш;






