Жаҳон | 13:20 / 15.10.2024
2007
2 дақиқада ўқилади

Киев Малидаги исёнчиларга УУА етказиб берилгани ҳақидаги маълумотни рад этди

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Малидаги исёнчиларга учувчисиз учоқлар етказиб берилгани ҳақидаги ОАВда пайдо бўлган маълумотни қатъиян рад этди. Бу мамлакатдаги туарег исёнчилари ҳукмрон хунта ва унга иттифоқчи "Вагнер" ХҲК ёлланма аскарлари билан курашмоқда.

Фото: interfax.com.ua

Украина Ташқи ишлар вазирлиги 14 октябр, душанба куни Киев Малидаги исёнчиларга жанговар учувчисиз учоқлар етказиб беришда иштирок этгани ҳақидаги ОАВда пайдо бўлган маълумотни кескин рад этди. «Шунингдек, биз Россия Федерациясининг давом этаётган қуролли тажовузига қарши туриш учун иттифоқчилар томонидан Украинага етказиб берилган қурол ва ҳарбий техниканинг Саҳел ҳудудига кириб келишида давлатимизнинг иштироки бўйича Украинага қўйилган барча айбловларни рад этамиз», — дейилади баёнотда.

Киевнинг таъкидлашича, Россия қўшинларининг кенг кўламли бостириб киришининг дастлабки ойлариданоқ айнан Украина Ғарб давлатлари томонидан унга етказиб берилаётган қуролларни назорат қилиш тизимини жорий этиш ташаббусини биринчи бўлиб бошлаган. «Шу вақт ичида Ғарб ҳамкорлари қурол ва жиҳозлардан нотўғри фойдаланиш билан боғлиқ бирорта ҳам ҳолатни аниқламади», — дея таъкидлади Украина ТИВ.

«Шунингдек, биз Мали ва Нигернинг юқори мартабали амалдорлари томонидан вақти-вақти билан айтиладиган Украинанинг «террорчилар билан ҳамкорлик қилиши», «террорчиларга қурол-яроғ етказиши ва уларга маълумот бериши», «Украинанинг террорчилар коалициясини қўллаб-қувватлаш»га алоқадорлиги ҳақидаги барча айбловларни қатъиян рад этамиз», дейилади маълумотда. Украина Ташқи ишлар вазирлиги «Россиянинг ёлғон тарғиботини такрорлайдиган ёлғон маълумотлар тарқалишини тўхтатишга» чақирди.

Франциянинг Le Monde газетаси 13 октябр куни малилик исёнчиларга Украина учувчисиз учоқлари етказиб берилгани ҳақида ёзганди.

Мавзуга оид