Украина биноларни миналаштириш билан боғлиқ таҳдидлар тўлқинига дуч келди
Украинанинг 60 дан ортиқ дипломатик муассасалари, қатор давлат идоралари ва оммавий ахборот воситалари томонидан миналаштириш ҳақида огоҳлантирувчи аноним хатлар олинган. Полиция хабарларда кўрсатилган манзилларда текширув ўтказмоқда.
Дунё бўйлаб Украинанинг 60 дан ортиқ хорижий дипломатик муассасалари миналаштириш ҳақида аноним хатлар олди. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазирлиги 14 октябр, душанба куни маълум қилди ва уларнинг умумий сони ўсишда давом этаётганини қўшимча қилди. Худди шундай хабарлар Украина ташқи ишлар вазирлигининг таркибий бўлинмаларига ҳам юборилди.
Шу муносабат билан вазирлик раҳбари Андрей Сибига Украина дипломатик муассасаларида хавфсизлик чораларини кучайтиришни буюрди. Дипломатлар зарурий хавфсизлик текширувларини ўтказиш учун қабул қилувчи давлатларнинг ҳуқуқ-тартибот органлари ва расмийлари билан яқин алоқада.
«Алоҳида ҳолларда дипломатик муассасалар фуқароларга консуллик хизматларини қисқа муддатга тўхтатиб қўйишга мажбур бўлди», деб таъкидлади вазирлик ва текширувлар тугагандан сўнг улар дарҳол тикланганини қўшимча қилди.
Вазият Украина дипломатик тизими ва хорижий дипломатик муассасалар фаолиятига таъсир қилмади. Иш одатдагидек давом этмоқда, барча белгиланган вазифалар тўлиқ бажарилмоқда, дея ишонтирди идора.
Зеленский украин қуролларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ниятида
Украина президенти Володимир Зеленский Россияга қарши мудофаа уруши олиб бораётган мамлакатда қурол ишлаб чиқаришни сезиларли даражада кенгайтириш учун Ғарб сармоясидан фойдаланишни назарда тутмоқда. «Саноат қувватимиз бизга мамлакатимиз молиявий имкониятларидан кўра кўпроқ дрон, снаряд ва ҳарбий техника ишлаб чиқаришга тайёр, — деди у 12 октябр куни кечқурун видеомурожаатида. — Аммо шу билан бирга, улар объектив сабабларга кўра қурол таъминотида ёрдам бера олмайди — ўз қуроллари йўқ, лекин бизга молиялаштиришда ёрдам беришлари мумкин».
Зеленский айни пайтда Украинанинг мудофаа ҳаракатларига ёрдам бериш учун ишлатилиши мумкин бўлган «айрим ҳамкорларда» мавжуд «махсус технологиялар» ҳақида ҳам айтиб ўтди. Айнан шундай инвестициялар эвазига Украина аллақачон, биринчи навбатда, ўзининг учувчисиз учоқлари ишлаб чиқаришини сезиларли даражада оширишга муваффақ бўлди, деди президент.
«Ҳозир Францияда ҳамкорликнинг янги моделини – давлатимиз ҳудудида Украина-Франция қўшма ишлаб чиқариш қувватларини яратишни муҳокама қилдик, бу мудофаа вазирликлари даражасида ишлаб чиқилмоқда», — дея давом этди Зеленский. У «Дания модели» амалга оширилганини эслатиб, бунда ҳамкор давлат ҳукумати қурол ишлаб чиқаришга инвестицияларни жалб қилишини билдирди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украинада янги қурол ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва ташкил этиш бўйича ҳамкорликнинг ўхшаш француз модели ҳозирда мамлакатлар мудофаа вазирликлари томонидан муҳокама қилинмоқда.
Мавзуга оид
14:10
NYT: Россия-Украина уруши боши берк кўчадан чиқди
18:15 / 02.11.2024
Рамзон Қодиров Украина жангчиларини тириклайин асирга олмаслик ҳақидаги буйруғини бекор қилди
10:30 / 02.11.2024
АҚШ Украинага 425 млн долларлик янги ёрдам пакетини тақдим этмоқда
08:40 / 02.11.2024