Жаҳон | 14:24
794
3 дақиқада ўқилади

ЕИ “Дружба” нефт қувури атрофидаги вазиятни текширмоқчи

Еврокомиссия шикастланган “Дружба” нефт қувури атрофидаги вазият бўйича ўз текширувини ўтказиш имконияти юзасидан Украина билан музокаралар олиб бормоқда. Брюсселда айтилишича, Киевдан ҳозирча жавоб келмаган.

Фото: AP

Будапешт ва Киев ўртасида шикастланган “Дружба” нефт қувури атрофида юзага келган можарода Европа комиссияси шикастланиш даражасини ўрганиш учун Украинага ўз экспертлари гуруҳини юборишни таклиф қилди. Бу масала бўйича ҳозирда Украина, шунингдек Венгрия ва Словакия билан “жадал музокаралар” олиб борилмоқда, деди 12 март, пайшанба куни Европа Иттифоқи комиссияси вакили. Унинг қўшимча қилишича, Брюссел Украина ҳукуматидан Евроиттифоқ томонидан инспекция ўтказиш имконияти юзасидан жавоб кутмоқда, аммо ҳозирча бундай жавоб олинмаган.

Сўнгги кунларда Венгрия ва Украина ўртасида “Дружба” орқали нефт етказиб бериш тўхтаб қолгани сабабли юзага келган зиддият нефт қувурини текшириш учун венгер делегациясининг ташрифи туфайли янада кескинлашди. Украина президенти Володимир Зеленский 11 март куни бундай сафар ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтди. Бунга жавобан Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто Зеленскийни ёлғонда ва Венгрияга қарши нефт блокадасини уюштиришда айблади. Сийярто нефтнинг денгиз орқали ташилиши соҳасидаги “мисли кўрилмаган ноаниқлик”ка ишора қилди ва бу усул унинг мамлакати учун “Дружба” нефт қувурига “ягона муқобил” эканини таъкидлади.

Будапештдан янграган айбловларга жавобан Зеленский маслаҳатчиси Дмитрий Литвин шундай деди: “Балким, улар у ерда икки томонлама муносабатлар нималигини унутиб қўйишгандир, аммо расмий ташрифлар — бу келишув билан амалга оширилади, ‘нота ташлаб кетиш’ билан эмас”.

Баҳс замирида Будапештнинг Россия зарбалари оқибатида шикастланган “Дружба” нефт қувурини имкон қадар тезроқ таъмирлаш талаби ётибди. Ушбу қувур Россия президенти Владимир Путин тўрт йил аввал бошлаган урушга қарамай, Украина ҳудуди орқали Венгрияга Россия нефтини етказиб беришда давом этган.

Украина ҳокимияти маълумотига кўра, қувур шу қадар жиддий шикастланганки, унинг иши камида олти ҳафтадан кейин, яъни Венгриядаги парламент сайловларидан кейингина тикланиши мумкин. Сўровномаларга кўра, ушбу сайловларда россияпараст бош вазир Виктор Орбан мағлубиятга учраши мумкин. Будапешт эса қувурни мустақил равишда текширишни талаб қилмоқда. Орбан сайловолди кампаниясида антиукраина риторикасидан фаол фойдаланиб, мухолифат номзоди Петер Мадярдан орқада қолишини қисқартиришга интилмоқда.

Бундан ташқари, Венгрия бош вазири “Дружба” атрофидаги можарони Украина учун шошилинч зарур бўлган Европа Иттифоқининг 90 миллиард евролик кредити ва Евроиттифоқнинг Россияга қарши навбатдаги санкциялар пакетини блоклаш учун ҳам ишлатмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид