Германиянинг Паул Эрлих номидаги юқумли касалликларни даволаш жамияти (Paul-Ehrlich-Gesellschaft für Infektionstherapie) президенти Матиас Плец антибиотикларнинг самарадорлиги тобора кўпроқ хавф остида қолаётгани ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда Bild хабар бермоқда.

“Замонавий тиббиёт ютуқларидан айрилиб, пенициллин кашф этилишидан аввалги даврга қайтяпмиз”, — деди Плец.

Bild нашри пенициллин кашф этилиши билан инсонларнинг умр кўриш давомийлиги ошганини таъкидлади. Биринчи кашф этилган антибиотик туфайли одамлар пенициллин кашф этилишидан олдинги даврга нисбатан 30 йил кўпроқ умр кўра бошлаган.

Нима учун микробларнинг антибиотикларга чидамлилиги ошяпти?

Лейбниц институти микробиологи Ивонн Маст Плецнинг фикрига қўшилади. Унинг аниқлик киритишича, тобора кўпроқ бактериялар антибиотикларга чидамли бўлиб бормоқда, янги дорилар эса у қадар кўп эмас.

Мақолада келтирилган янги тадқиқот маълумотларига кўра 2050 йилга келиб, антибиотикларга чидамли инфекциялар туфайли 39 миллионга яқин одам вафот этиши мумкин. Нашрнинг қўшимча қилишича, биргина Европа Иттифоқида шу сабабдан йилига 35 мингга яқин одам вафот этади.

Йена университети шифохонасининг реаниматологи Франк М. Брункҳорст Bild нашри билан суҳбатда микроорганизмларнинг антибиотикларга чидамлилиги камида иккита сабаб билан ривожланаётганини маълум қилди. Биринчидан, касалликларни даволаш учун жуда кўп антибиотиклар буюрилади. Иккинчидан, коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловлар олиб ташлангач, хорижга саёҳатлар кескин ошди. Баъзи мамлакатларда бактерияларнинг антибиотикларга чидамлилик даражаси анча юқори. Мисол тариқасида реаниматолог Греция, Португалия, Туркия, Ҳиндистон ва баъзи Осиё мамлакатларини тилга олди.

Франк М. Брункҳорст одамларни огоҳлантириш зарурлигини таъкидлади: улар таътилдан қайтгач, антибиотикларга чидамли микробни олиб келиши ва кекса қариндошларига юқтириши мумкин, бу эса уларнинг ҳаёти учун хавф туғдиради.

Нафас йўлларига оид деярли барча касалликларни даволашда антибиотиклар буюриш шарт эмас, чунки уларни кўпинча бактериялар эмас, балки вируслар келтириб чиқаради ва бундай дорилар вирусларга қарши самарасиз ҳисобланади, деб эслатди Bild. Нашр, шунингдек, циститни даволашда аксарият ҳолларда антибиотиклар буюрилишини таъкидлади.