Ўзбекистон | 13:00 / 30.10.2024
1557
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда аутстаффинг хизматларини кўрсатиш тартиби тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Аутстаффинг хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Фото: Getty Images

Аутстаффинг – иш берувчи томонидан ўз ходимларини уларнинг розилиги билан иш берувчи билан ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномалари, шунингдек жамоа келишувларида белгиланган меҳнат вазифаларини бажариш учун бошқа юридик шахсларга вақтинча юбориш орқали кўрсатиладиган хизмат туридир.

Аутстаффинг хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги Низом қуйидагиларни белгилайди:

аутстаффинг хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар бўйича бажарилиши мумкин бўлмаган иш турлари;
шартнома тузиш тартиби ва шартлари;
ушбу шартнома бўйича аутстаффер томонидан юбориладиган ходимлар билан меҳнат муносабатлари нормалари.

Аутстаффинг хизматлари иш берувчи ва бошқа юридик шахс ўртасида тузилган шартнома асосида кўрсатилади. Аутстаффинг хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ, ходимлар улар иш берувчи томонидан юборилган юридик шахснинг манфаатлари йўлида, унинг бошқаруви ва назорати остида меҳнат функцияларини амалга оширадилар. Ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш иш берувчи томонидан амалга оширилади.

Аутстаффинг хизматларини Ўзбекистон ҳудудида рўйхатдан ўтган юридик шахслар кўрсатиш ҳуқуқига эга. Иш берувчининг ўз ходимларини мамлакатдан ташқарида меҳнат вазифаларини бажариш учун юбориши билан боғлиқ аутстаффинг хизматларини кўрсатишга йўл қўйилмайди.

Аутстаффинг хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар бўйича бажарилишига йўл қўйилмайдиган иш турларига қуйидагилар киради:

норматив ҳужжатларга мувофиқ юқори хавфли объектлар (ускуналар)га, жумладан портлаш ва ёнғин хавфи бор, агрессив ёки радиоактив хавфли ускуналарда ишларни бажариш;
қабул қилувчи ташкилот тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини амалга ошириш ишлари бажарилганда, ходимларни оммавий ишдан бўшатиш хавфи мавжуд, иш ўринларини сақлаб қолиш учун иш вақтидан ташқари ишлаш ҳолатлари ва бошқалар мавжуд бўлган ҳоллар.

Мавзуга оид