«Толибон» етакчилари бирдам эканини кўрсатишга уринса-да, ичкарида вазият бошқачароқ. Ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний эса NYT’га интервюсида бу борадаги тахминларни тасдиқлагандек бўлди. У дунёга қандай сигнал бермоқчи? «Толибон» ичидаги бирдамлик бугун қанчалик мустаҳкам? «Геосиёсат»нинг навбатдаги сонида афғоншунослар шу каби саволлар юзасидан изоҳ берди.

“Толибон” ҳокимиятга келгач, гуруҳ бирдам эканини исботлашга ҳаракат қилди. Аммо барчаси кўринганидек эмас. Куни кеча ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққонийнинг “The New York Times”да эълон қилинган интервюсида, ташқи дунё учун қандайдир сигнал бордек, гуруҳнинг “ҳақиқий тармоғи” раҳбари Сирожиддин Ҳаққоний ва олий раҳбар Шайх Ҳайбатуллоҳ Охунзода ўртасидаги келишмовчиликлар борган сари кўпаймоқда, деган фикрлар янграмоқда. Ҳаққоний учун Қўшма Штатлар томонидан ўн миллион доллар мукофот эълон қилинган ва ҳамон у қидирувдаги шахс. Суҳбат давомида у ва отаси Жалолиддин Ҳаққонийнинг АҚШ билан узоқ йиллик сирли алоқаларига ҳам тўхталган. Хўш, Ҳаққоний бу интервю билан дунёга қандай сигнал бермоқчи? “Толибон” ичидаги бирдамлик бугун қанчалик мустаҳкам? Кun.uz “Геосиёсат”да мавзуни таҳлил қилиш учун бир қанча афғоншунослар Анвар Йўлдошев, Нурислом Аҳмаджонов ва Азизбек Файзуллаевни таклиф этди.

The New York Times”нинг Сирожиддин Ҳаққоний билан қилган интервюси кимларга ва қандай сигнал бўлиши мумкин?

Анвар Йўлдошев: Сирожиддин Ҳаққонийнинг бу биринчи интервюси эмас. Ғарб давлатларига бераётган охирги икки йилда у энг ашаддий террорчидан дипломат, сиёсатчи ёки давлат ходимига айланди. Биламиз, Сирожиддин Ҳаққоний “Толибон” ички ишлар вазири лавозимида ишлаяпти ва у Афғонистонни ташқи дунёга олиб чиқиши кераклигини кўрсатаётган “Толибон” ҳукумати аъзоларидан энг асосийларидан бири сифатида кўрилмоқда. Афғонистон ташқи дунё билан ҳамкорликка киришиши кераклигини айтаётган раҳбарлардан бири бўлиб қолди.

Албатта, интервюлар ортида очиқланган-очиқланмаган мақсадлар бор, улар ҳақида суҳбат давомида яна гаплашамиз.

Нурислом Аҳмаджонов: Ҳозирда медиа оламида Сирожиддин Ҳаққонийнинг интервюси шов-шув сифатида талқин қилиняпти. Ашаддий террорчидан дипломатга айланиши бу қандайдир бир ишора, яъни бу интервюдаги ишоралар нимага қараб кетади?! Бевосита “The New York Times” биринчи навбатда АҚШда демократларга яқин бўлган нашрлардан бири ҳисобланади ва айнан нима учун бу АҚШда президентлик сайловлари олдидан, яъни президентлик сайловлари арафасида Ҳаққоний интервюси нашр этилгани ҳам қандайдир сигнал бўлиши мумкин. Яъни демократлар ва республикачилар ўртасидаги дебатларда Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиб кетиш масаласи ҳам танқид қилинган ва мана шу вазиятни юмшатиш ҳамда танқидларга қаратилган интервю бўлиши ҳам мумкин. Бу, албатта, АҚШ томонидан “Толибон”, яъни Сирожиддин Ҳаққонийдан фойдаланиш ҳисобига амалга оширилди. Ҳаққонийлар оиласи тарихан Марказий разведка бошқармаси билан бевосита алоқа қилиб келган, бундан ташқари, моддий ёрдамлар ҳам олиб турган дейилади. Ҳозирги глобализация жараёнларида яна Ҳаққоний тармоғи глобал трендга чиқмоқда. Бу эса АҚШ томонидан иккинчи сигнал бўлиши мумкин.