«Буни барчамиз биламиз — ва мен қандайдир ҳарбий сирни очаётганим йўқ, — бизнинг фронт қулади», — деган 27 октябр кунги интервюда украин генерали, уруш бошида Миколайив мудофаасига раҳбарлик қилган Дмитро Марченко.

У «фронтнинг қулаши» сабабларидан бири сифатида Украина қуролли кучларида ўқ-дори ва шахсий таркиб етишмаётгани, «бошқарувдаги мувозанат бузилиши» — хусусан, ҳарбий бўлинмалар командирлари тез-тез алмаштирилиши ҳамда тайёр бўлмаган қисмларни янги йўналишларга олиб ўтказишни (масалан, октябр бошида Вуҳледар атрофида шундай бўлганди) келтирган.

«Фронт қулаётгани» ҳақидаги тезисни дарҳол россиялик пропагандачилар ва Z-каналлар, шунингдек, украиналик айрим сиёсатчилар ва ҳарбий мухбирлар ҳам илиб олишди.

Донецк областидаги тўқнашув чизиғида аслида нималар бўлмоқда? BBC Украина хизмати мухбири Олег Черниш шу мавзуни таҳлил қилди.

Ҳал қилувчи штурмга тайёргарлик

29 октябр куни Россия мудофаа вазирлиги Покровскдан 15 км масофадаги Селидове шаҳри эгаллангани ҳақида расман хабар берди.

Украин кучлари мазкур аҳоли яшаш манзилини узоқ вақт давомида ўзида ушлаб турганди, аммо октябр ойининг иккинчи ярмидан Россия қўшини уни қанотлардан айланиб ўтиб, таъминот йўлларини тўсиб қўя бошлади, кейин эса шаҳар чеккаларидаги аҳоли яшаш кварталларини штурм қилишга киришилди. Украина мудофаа кучлари эса тўлиқ қуршовга тушиб қолмаслик учун, кутилганидек чекинди ва кўп ўтмай шаҳар рақиб томонидан эгалланди.

Украина қуролли кучлари бош штаби Селидове атрофидаги вазиятни шарҳламади, аммо 30 октябр куни Украина қўмондонлигига алоқадор ҳисобланган DeepState таҳлил маркази шаҳар тўлиғича рақиб томонидан оккупация қилинганини тасдиқлади.

Селидовенинг қулаши Россия бўлинмаларига Покровск мудофаасининг жанубий қанотига ҳужум қилиш учун йўл очди, шунингдек, Кураховонинг шимолий чеккалари томон ҳаракатланишда давом этишга имкон беради.

BBC’нинг украин қўмондонлигидаги юқори мартабали манбаси Донбасснинг логистик ва саноат марказлари бўлган айнан шу икки шаҳар катта эҳтимол билан Россия ҳужумларининг яқин вақтлар учун асосий нишонларига айланишини айтган.

Россиялик ҳарбийлар Селидове марказидаги бинога РФ байроғини ўрнатмоқда, украин кучлари қуршовга тушиб қолмаслик учун шаҳарни ташлаб чиққан. Фото: РФ мудофаа вазирлиги