ФВВ ўрганишларига кўра, 2022 йилда Ўзбекистонда ис газидан заҳарланиш туфайли 122 киши вафот этган бўлса, жорий йилда 32 та ҳолат қайд этилган. Совуқ кунларнинг келиши фонида бундай фожиали хабарлар яна пайдо бўлмоқда. ФВВ масъули қандай қилиб ис газидан заҳарланиш юзага келиши ҳамда у нега инсон ўлимига олиб келишини тушунтирди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўрганган мониторинг ҳужжатларига кўра, Ўзбекистонда 2022 йил ис газидан заҳарланиш бўйича 84 та ҳолат юзага келиб, 122 киши ҳалок бўлган. Бунда ёнғин вақтидаги ҳолатлар ҳам ҳисобга олинган. 2023 йилда 46 та ҳолат юзага келган бўлса, 2024 йилнинг шу даврида 32 та ҳолатда ис газидан заҳарланиш содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати бошлиғи ўринбосари Самандар Ҳикматуллаев 7 ноябр куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Шунингдек, ФВВ масъули нега ис газидан заҳарланиш юзага келиши, у қандай қилиб инсон ўлимига олиб келишини тушунтирди.

«Айтиб ўтишимиз керакки, бунда ис гази билан заҳарланишда юқорида айтиб ўтган одамларнинг ҳалок бўлиш эҳтимоли анча юқори бўлади. Биз кислород билан тирикмиз. Агар қисқа вақт ичида, масалан, 5 дақиқа ичида кислород миямизга етиб бормаса, инсон ҳалок бўлиши мумкин.

Хона ҳавосининг тахминан 8 фоизи кислороддан ташкил топади. Энди, агар ўша жойда бир метр куб газ ёнар экан, хонамиздаги ўн метр куб ҳавони ёқиб қўяди. Ҳаво йўқолгач, унинг ўрнида ис гази пайдо бўлади.

Ҳозирги кунда биз уйимизда кўп ўзгартиришларни киритганмиз. Масалан, ошхона эшиги ёки ташқи томондан кирадиган эшигимиз. Аввалги стандартларни кўрадиган бўлсак, мана шу эшикнинг тагида, оддийроқ қилиб айтганда, бир бармоқ сиғадиган даражада тирқиш бўлиши керак. Ташқаридан ҳаво кириши керак. Ташқаридан ҳаво киргандагина уйимиздаги шамоллатиш тизими ишлайди. Ташқаридан қўшимча ҳаво киради ва бу ердаги ҳаво ёки пайдо бўлган енгил ис гази юқорига қараб ҳаракатланади.

Шамоллатиш тизими орқали бизда эшик ва деразалар герметикланиб кетган. Хонани иситишимиз керак, лекин эшикларни ҳам герметик қилиб қўйсак, дераза ромлари ҳам резинали бўлса, хонага қўшимча ҳаво кирмагандан кейин ёнган газ ҳатто шамоллатиш тизими ишласа ҳам, ўз ишини тўла бажара олмайди. Циркуляция — ҳавонинг алмашиниш жараёни ишламайди. Бу эса ис газининг хона ичида йиғилишига ва инсонларнинг ҳалокатига олиб келади.