Озарбойжоннинг Қорабоғ ҳудудига қилган ижодий сафаримизда Ағдам туманидан кейинги манзиллар ишғол остида бўлган Фузулий ва Зангилон туманлари бўлди.

Бу ерларда ҳам ҳудудлар миналардан тозаланиб, кенг ва равон янги йўллар солинган. Зангилонгача янги темирйўл ўтказилган. Эрон билан чегарадош бўлган бу туманларни Араз дарёси бўлиб туради. Манзара жуда чиройли: Араз дарёсидаги Худофарин сув омбори ҳам ўзгача манзара касб этмоқда.

Жафокаш Фузулий

Биз дастлаб Фузулий туманига бордик. Бу туманнинг катта қисми 1992 йилдан буён армани ишғоли остида бўлган. Жумладан, туман маркази бўлган Фузулий шаҳри ҳам улкан талафот кўрган. Урушгача 20 минг киши истиқомат қилган Фузулий шаҳри эса босқин йилларида арвоҳ-шаҳарга айланган.

2020 йилнинг 17 октябрида Иккинчи Қорабоғ урушида Озарбойжон шаҳар ва туман устидан назоратни қайтариб олган.

Уруш даврида вақтинчалик туман маркази бўлган Ҳорадиз шаҳридан Қорабоғ тоғлари этагидаги бу жафокаш шаҳарга кириб бораверар экансиз, вайрон бўлган биноларга кўзингиз тушади.

Катта-катта далалар, боғлар, узумзорлар 28 йил давомида қаровсиз қолиб кетиб, қамишзорларга айланган.

Шаҳарда бирорта соғ уй қолмаган. Вазият шу қадар бўлганки, Озарбойжон байроғини кўтариш учун шаҳарда бирорта томи бор уй топа олишмаган.

Озарбойжоннинг ANAMA агентлиги ҳудудларни миналардан тозалаш борасида ҳуманитар операция ўтказаётгани ҳақида ҳикоя қилган эдик. Фузулий туманидаги тўқнашув чизиғи ҳам зич миналаштирилган ҳудудлардан бири ҳисобланади.

ANAMA маълумотларига кўра, зафар қозонилган 2020 йилнинг 10 ноябридан 2024 йилнинг 30 сентябригача миналаштирилган ҳудудларда 226 марта мина портлаши ҳодисаси рўй берган. 381 киши зарар кўрган. Уларнинг 311 нафари ярадор бўлган, 70 киши ҳалок бўлган. Шу сабаб ишғолдан озод бўлган ҳудудларда йўл четида минадан огоҳлантирувчи белгилар ҳамон турибди.

Фузулий шаҳрида амалга оширилаётган йирик ободончилик ишлари шу кунларда тингани йўқ. Қарийб 30 йил давомида қаровсиз қолиб кетган халқаро аэропорт бутунлай янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган. Замонавий тураржой бинолари барпо этилган.

Биз учун энг муҳими Ўзбекистон халқи номидан 960 ўринли Мирзо Улуғбек номидаги 1-сонли ўрта мактаб биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.