«Рақибнинг 20-мотоўқчилар дивизияси илғор бўлинмалари Курахово жанубидаги Далнее қишлоғига бостириб кирди. Катта эҳтимол билан, Курахово мудофааси якуний босқичга кирмоқда», — дея ёзган украиналик ҳарбий таҳлилчи Константин Машовец.

Унинг баҳолашича, энг хавфли ҳолатга украинларнинг Кураховодан жанубдаги ҳудудни ҳимоя қилаётган бўлинмалари тушиб қолган. «Агар Елизаветовка ва Екатериновкада ҳимояланаётган бўлинмаларимиз яқин вақтлар ичида камида Успеновкага чекинмаса, қуршовда қолишади», — деб ҳисоблайди эксперт.

Аммо Украина қуролли кучларининг муаммолари шу билан тугамайди. Россия қўшини Кураховодан 15 км ғарбда, Н15 Запорижжя — Донецк трассаси бўйида жойлашган Константинопол қишлоғига ҳам жанубдан ва шимоли-шарқдан фаоллик билан ҳужум қилмоқда. Икки йўналишдаги зарбалар туташуви украин қўшинига анча чуқур қуршовда қолиш хавфини туғдиради.

Шу билан бирга, ҳудуднинг табиий шароити мудофаа учун қулай эмас — украин қисмлари Волчя дарёси водийсида қисилиб қолган, россияликларнинг ўт очиш позициялари эса асосан тепаликларда жойлашган.

Биринчи марта эмас

2024 йил февралида Авдийивка бой берилиб, шундан кейин рус қўшинлари Донбассда фронтнинг кенг участкаси бўйлаб илгарилаши давомида украин қисмлари бир неча марта қуршов хавфи остида қолишди.

Бир неча ҳолатда қанотлари Россия армияси томонидан емириб келинган бўлинмаларнинг тақдири қил устида қолди. Авдийивкада ҳам, Невелский бўртиғида ҳам, Вуҳледарда ҳам ва бошқа жойларда ҳам шундай бўлди.

Ҳар сафар Россиянинг ҳужум қилаётган қисмлари оператив-тактик ютуқни ривожлантириш учун йирик механизациялашган захираларга эга бўлмагани Украина қуролли кучларига қўл келди. Соддароқ қилиб айтганда, қуршов хавфи юзага келтирилди, аммо уни амалга оширишнинг имкони бўлмади.

Курахово бўртиғи билан боғлиқ вазиятда украин кучларининг ҳолатини бир неча омиллар оғирлаштиради — яхши йўллар йўқ (биргина йўл ҳам ўққа тутилмоқда), манёврлар қилиш эркинлиги чекланган, энг ёқимсизи — Россия анча кенг фронт бўйлаб ва кўп сонли йўналишларда юриш қилмоқда, уларнинг исталган биридаги муваффақиятлар жамланмаси мудофааланаётган кучларни асосий кучлардан узиб қўйиши мумкин.

«Россия қўшини Курахово ҳудудида, шунингдек, шаҳардан шимоли-ғарбда Новодмитривка, Сонцовка ва Заря ҳудудларида; Кураховодан шимолда Новоселидовка, Вознесенка ва Креминна Балка ҳудудида; Кураховодан шарқда Максимиляновкада; Кураховодан жанубда Далнееда; Вуҳледардан шимоли-шарқда Илинка, Антоновка ва Катериновкада; Вуҳледардан шимоли-ғарбда Трудовое ҳудудида ҳужумлар қилмоқда», — дейилади Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) баёнотида.