Қонунчилик палатасининг 2025 йилги давлат бюджети лойиҳаси кўриб чиқилган 26 ноябр кунги мажлисида депутат Қизилгул Қосимова тиббиёт ходимларининг ойликларини ошириш масаласини кўтарди.
Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг айтишича, ҳукумат тиббиёт соҳаси бўйича “кимга ва нима учун юқори ойлик тўлаш” масаласида бош қотирмоқда, аммо бу борада аниқ режа ҳали ишлаб чиқилмаган.
Хўш, айни пайтда вазият қандай?
Ўзбекистонда тиббиёт ходимлари қанча ойлик олади?
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг 1 октябр ҳолатига, соғлиқни сақлаш соҳаси вакилларининг ўртача маоши 3 млн 300 минг сўмни ташкил этган. Бу – мамлакатдаги ўртача ойлик иш ҳақи (5 млн 151 минг сўм)дан 36 фоизга кам.
Тўғри, бошқа тармоқларда бўлгани каби тиббиёт соҳаси вакилларининг ҳам иш ҳақи охирги йилларда сезиларли ошди. Масалан, 2020-2024 йилларнинг мос даври оралиғида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўртача маошлар 84 фоизга (1 млн 793 минг сўмдан 3 млн 330 минг сўмга) кўпайган. Аммо бошқа соҳаларга нисбатан бу кўрсаткич жуда ҳам паст. Таққослаш учун, ушбу даврда банк ва суғурта фаолиятида банд бўлган ходимларнинг ойлик маоши 2,5 баробарга (5 млн 814 минг сўмдан 14 млн 488 минг сўмга), ахборот ва алоқа соҳаси вакилларининг маоши эса қарийб 3 баробарга (4 млн 306 минг сўмдан 12 млн 799 минг сўмга) кўтарилган.
2024 йилда давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизимига 33,4 трлн сўм (шундан 26,2 трлн сўми иш ҳақи ва ижтимоий солиқлар учун) ёки ялпи ички маҳсулотнинг 2,6 фоизи миқдорида маблағ ажратилиши кўзда тутилган. 2025 йилда эса тиббиёт соҳасига ажратилаётган умумий маблағ 41,3 трлн сўмгача оширилади (шундан 30,1 трлн сўми иш ҳақи ва ижтимоий солиқлар учун), аммо ЯИМга нисбатан бу миқдор 2,5 фоизгача камаяди.







