Жаҳон | 12:12
1726
14 дақиқада ўқилади

АҚШдаги аср қотиллиги – президент Жон Кеннеди қандай ўлдирилганди?

Бундан 61 йил аввал, 1963 йил 22 ноябр куни ХХ асрнинг энг шов-шувли қотиллиги содир этилади. АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннеди омма олдида пистирмадаги снайпер томонидан отиб ўлдирилади. Гарчи МРБ ва ФҚБ ҳисоботларида қотил кимлиги ҳақида ёзилган бўлса-да аксарият америкаликлар унга ишонмайди. Тафсилотлар эса охиригача очиқланмаган.

1963 йил 22 ноябр куни АҚШда мисли кўрилмаган қотиллик содир этилади. Мамлакат президенти Жон Кеннеди омма олдида отиб ўлдирилади.

Қотиллик кундузи президентни кўриш ва олқишлаш учун чиққан одамлар кўз ўнгида содир этилади. Ҳодисани ўша ерда бўлган кўплаб журналистлар тасвирга олишади. Қотиллик дунё бўйлаб катта шов-шувларга сабаб бўлади.

Ўша пайтларда Кариб ҳавзасида жойлашган Куба ороли туфайли совет-Америка муносабатлари жуда таранглашган эди. Шу сабабли Марказий разведка бошқармаси (МРБ) ва Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) Кеннедининг ўлимида КГБ ва Кубани айблайди.

Бир неча йил СССРда яшаган ва ҳодисадан бироз аввал АҚШга қайтган америкалик йигит Кеннедини ўлдиришда айбланиб, ҳибсга олинади.

Орадан икки кун ўтгач гумондорни шаҳар қамоқхонасидан округ қамоқхонасига олиб кетишаётганда фуқаролардан бири уни отиб ташлайди.

Ҳозиргача кўпчилик америкаликлар МРБ ва ФҚБнинг расмий маълумотларига ишонмайди. Уларнинг бунга асоси бор: Кеннедининг ўлими билан боғлиқ тафсилотлар ва ҳужжатлар охиригача ошкор қилинмаган.

Демократлардан чиққан халқ қаҳрамони

Жон Кеннеди Демократик партия вакили бўлган ва у медиа ҳамда омма эътиборидаги одам эди. Ҳолливудча ташқи кўриниш, Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони, мерос қолган катта пул, автобиографик китоб учун Пулицер мукофоти – буларнинг барчасига эга бўлган Кеннеди америкаликларнинг қалбини забт этганди.

1960 йилда ўтказилган президентлик сайловида тажрибали сиёсатчи Республикачилар вакили Ричард Никсон устидан кичик фарқ билан бўлса-да ғалаба қозониш учун 42 ёшли Кеннедига шулар етарли бўлади.

Ўшанда ФҚБ бош директори Эдгар Ҳувер Никсонни қўллаш учун сайловдан аввал Кеннеди ҳақида салбий хабарлар тарқаттиради. Бу ишларнинг Никсонга нафи тегмайди ва Кеннеди барибир ғалаба қозонади.

Кеннеди энг мунозарали президентлардан бири сифатида Америка тарихига кирди. У АҚШни бошқарган уч йилдан камроқ вақт ичида бу давлат ички ва ташқи сиёсатда бир қатор можароларга аралашди.

Унинг даврида Куба ва Ғарбий Берлин инқирози содир бўлди. АҚШ Ветнам урушига кўпроқ аралаша бошлади. Ички сиёсатда ўзгаришлар бўлди ва фуқаролар ҳуқуқлари либераллаштирилди. Натижада Американинг консерватив жамияти қутблана бошлади.

Суиқасд тафсилотлари

1963 йил 22 ноябр жума куни Жон Кеннеди ва унинг рафиқаси Жаклин Техас штатидаги Даллас шаҳрига учиб боришади. Бир йилдан сўнг АҚШда президентлик сайлови бўлиб ўтиши керак эди ва Кеннеди бу бой шаҳардан ҳомийлар топишга умид қилганди.

Президент ва унинг рафиқасини Техас губернатори Жон Конналли ҳамда унинг рафиқаси кутиб олади. Шундан сўнг улар Lincoln Continental кабриолетига ўтириб, шаҳар маркази томон ҳаракатланишади.

Йўлда уларни кўчалар бўйлаб саф тортган одамлар қўл силкитиб қутлашар, фотосуратчилар ва операторлар ҳолатни кадрларга муҳрлашарди. Кабриолетни полиция ва бошқа масъул ташкилотлар вакиллари кузатиб борарди.

Кортеж соат 12:30 ларда Мейн-стритдан ўтиб Хюстон кўчасига, сўнг Элм кўчасига бурилади. Шунда ўша атрофдан икки марта ўқ овози эшитилади. Кеннедига ўқ узишганди.

Биринчи ўқ Жон Кеннедининг орқа томонидан бўйнига, иккинчиси бошига тегади. Биринчи ўқ узилган заҳоти президентни қўриқлаб келаётган махфий хизмат агенти Клинтон Хилл дарҳол Кеннеди ўтирган машина томон югуради.

У президент ўтирган кабриолетга етмасидан иккинчи ўқ узилади. Клинтон дарҳол танаси билан Кеннедини тўсади. Кабриолет ҳайдовчиси машинани дарҳол касалхона томон елдириб кетади.

Кеннедини Паркленд касалхонасига олиб боришганда у тирик эди. Аммо шифокорларнинг барча саъй-ҳаракатларига қарамай, президент соат 13:00 да вафот этади.

Президентга отилган биринчи ўқ Кеннедининг танасини тешиб ўтгач Техас губернатори Конналлини ҳам яралайди.

Асосий гумондор КГБ билан ҳамкорлик қилганмиди?

Суиқасддан сўнг полиция атрофдаги барча биноларни текшира бошлайди. Шунда кимдир Элм кўчасидаги бинонинг олтинчи қаватида милтиқ кўтарган йигитга кўзи тушганини айтиб қолади.

Бино дарҳол ўраб олинади ва ўқ отилган жой топилади. У ердан милтиқ ва учта бўш патрон топилади. Суриштирув давомида нафақадаги денгиз пиёдаси Ли Ҳарви Освалд исмли шахс қўлга олинади. Бироқ гумонланувчи ҳеч нарсани тан олмайди.

Суиқасддан икки кун ўтиб, йигит шаҳар қамоқхонасидан округ қамоқхонасига кўчирилаётган вақтда Жек Руби исмли тунги клуб эгаси уни отиб ўлдиради. Тергов давомида Руби бу ишни президентнинг ўлими учун қасос сифатида қилганини айтади.

Кейинчалик, унинг АҚШ социалистик партияси сафига 16 ёшда киргани, рус тилини ўргангани, 1959-1962 йиллар давомида СССРда яшагани ва АҚШга қайтгач КГБ жосуслари билан алоқада бўлиб келгани маълум бўлади.

У АҚШдаги КГБ жосуси билан сўнгги марта Кеннедини ўлдиришидан икки ой аввал мулоқотда бўлгани аниқланади.

Бироқ 1964 йилда АҚШга қочиб ўтган КГБ ходими Юрий Носенко Кеннедининг ўлдирилишида КГБнинг алоқаси йўқлигини айтади. МРБ ҳам бу ҳақда жиддий далил топа олмаган.

Носенкога кўра Освалдга Кеннедини ўлдириш КГБ томонидан буюрилмаган. Унда руҳий муаммолар бўлгани учун КГБ Освалдга ишонмаган ва у билан ҳамкорлик қилишни рад этган.

 

Бошқа тафсилотларга кўра, Освалд Куба ҳукмдори Фидел Кастронинг мухлиси бўлган. У СССРдан АҚШга қайтгач Далласга жойлашган ва маҳаллий социалистлар сафига қўшилган.

МРБ маълумотларига кўра, Кеннедига суиқасддан икки ой олдин Освалд ҳатто Мексикага борган, у ерда СССР ва Куба элчихоналарига ташриф буюрган. КГБ зобитлари билан учрашган.

Тахминларга асосланган далиллар

Агар Кеннедининг ўлдирилишида КГБнинг қўли борлиги ҳақидаги тахмин фақат тасдиқланмаган бўлса, Освалднинг айбдорлиги ҳақида бир нечта далил бор.

Кеннедига ўқ узилган қурол италияликларнинг Carcano милтиғи бўлган ва унда Освалднинг бармоқ излари топилган.

Бироқ ўшанда ФҚБ ва МРБ ходимлари журналистлар иштирокида синов ўтказишади ва милтиқ топилган жойдан Кеннеди кетаётган кўчадаги ҳаракатланаётган нишонга ўқ узиб кўришади. Бироқ бирор киши қисқа вақт ичида керакли масофага юқори аниқликда ўқ уза олмайди.

Освалд ҳам мерган эмасди. Шу сабабли синовдан сўнг МРБ ва ФҚБда аслида қотиллар кўпроқ бўлган ва президентга ўқ узган шахслар қочган деган тахмин пайдо бўлади.

Суиқасддан икки кун ўтиб, Кеннедини ўлдиришда асосий гумондор бўлган Ли Харви Освалдни ҳам отиб ўлдиришади

Комиссия хулосаси

Кеннеди ўлдирилгандан сўнг АҚШ президентлиги лавозими вице-президент Линдон Жонсонга ўтади. Янги президент томонидан АҚШ Олий суди раҳбари Эрл Уоррен бошчилигида президент Кеннеди ўлими сабабларини аниқлаш бўйича махсус комиссия тузилади.

Комиссиянинг 10 ойлик фаолияти натижасида қотиллик жиноят пайтида ёлғиз ҳаракат қилган Ли Ҳарви Освалд томонидан амалга оширилган, деган расмий хулосага келинади.

Бироқ кейинчалик Кеннедининг ўлими билан боғлиқ гап-сўзлар ва ҳатто Освалднинг бу қотилликка дахли йўқ экани тўғрисида бир-бирига қарама-қарши турли тахминлар кўпайиб кетади.

1966 йилда Ню-Орлеан прокурори Жим Гаррисон суиқасд пайтида олинган фотосуратлар ва видеоларга таяниб, Кеннеди ўлдирилиши бўйича суриштирув ўтказади.

У президентга суиқасдни МРБ томонидан тайёрланган АҚШдаги кубалик муҳожирларнинг Кастрога қарши қўпорувчи гуруҳлари уюштирган деб топади.

Гаррисон уч марта ўқ отилган деб ҳисоблайди. Прокурор асосий ташкилотчи сифатида учувчи Дэвид Ферри ва банкир Клей Шоуни кўрсатади.

Гаррисон ўтказган тергов ҳақидаги маълумотлар оммага эълон қилинганидан бир неча кун ўтгач Дэвид Ферри вафот этади. Гаррисон икки йиллик тингловлар давомида судда Шоунинг айбини исботлай олмайди. Вакиллар палатаси қўмитаси томонидан унинг тергов усуллари шубҳали деб топилади.

Линдон Жонсон ва Жон Кеннеди. Ўша пайтда вице-президент бўлган Жонсон Кеннеди ўлдирилгандан сўнг АҚШ президенти бўлади.

МРБ ва ФҚБ учун саволлар

Ҳодиса содир бўлганига 60 йил бўлди, бироқ ўтган йиллар оралиғида АҚШда Кеннеди ўлдирилишини тергов қилиш масаласига тез-тез қайтиб туришди.

Шу пайтгача эълон қилинган ижтимоий сўровлар натижаларига кўра, АҚШ аҳолисининг 70 фоизи қотилликнинг расмий версиясига ишонмайди. 61 фоизи эса Освалд ёлғиз ҳаракат қилмаган деб ҳисоблайди.

Хулоса шуки, махсус хизматларнинг барча архивларини ошкор қилмасдан, Кеннеди ўлдирилишининг расмий версиясини ўзгартира оладиган бирон бир янги фактни аниқлаш қийин.

Америкалик конгрессмен Стив Коэннинг фикрича, разведка идоралари Кеннедининг ўлдирилишига доир архив ҳужжатларини чоп этишни секинлаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Чунки архивдаги ошкор қилинмаётган ҳужжатлар ва файллар МРБ, ФҚБ ва бошқа идораларнинг лаёқатсизлиги ёки қонунбузарликларини кўрсатиши мумкин.

Америка журналистлари, прокурорлар ва ҳуқуқ фаоллари ўтган йиллар давомида Кеннедининг ўлдирилиши, шунингдек, бу қотиллик ортида ким тургани бўйича мустақил суриштирувлар олиб боришди.

Бу борада 600 дан ортиқ китоб чоп этилади, бир қанча ҳужжатли филмлар ишланади. Бироқ уларнинг биронтасида ўшанда Кеннедини ким ўлдиргани ҳақида аниқ гаплар йўқ. Барчасида турли тахминлар илгари сурилади.

Кеннедининг ўлимида асосий гумондорлар

КГБ. Асосий гумондор Ли Ҳарви Освалднинг Америка социалистик партиясига аъзолиги, бир неча йил СССРда яшагани ва суиқасддан бироз аввал АҚШга қайтгани, КГБ ходимлари билан доимий алоқада бўлгани Кеннедини советлар буюртмаси билан ўлдиришган деган гумонни асосий ўринга олиб чиқади.

Вице-президент Линдон Жонсон. Жонсонни айбловчилар бунга асосий сабаб сифатида вице-президентнинг Кеннедиларни умуман ёқтирмаганини кўрсатишади. Шунингдек, 1964 йилда бўладиган сайловда Кеннеди ғалаба қозонса, у Жонсонни вице-президентликка қўймоқчи бўлмаган деган гаплар ҳам чиқади. Бундан ташқари, манбалар Жонсоннинг Ли Ҳарви Освалднинг қотили бўлган Жек Руби билан танишлигига ишора қилади.

МРБ. Кеннеди даврида Кубада Кастро тузумини ағдариш учун ташкиллаштирилган исён муваффақиятсиз якунланади. Шундан сўнг Кеннеди МРБ директори Аллен Даллесни ишдан олади. Баъзи манбаларга кўра, Кеннеди бўлажак сайловларда ғолиб чиққанидан сўнг МРБ фаолиятини махсус текширувдан ўтказишни режалаштирган. Шунинг учун ҳам МРБ раҳбарияти текширувда ноқонуний маълумотлар жамоатчиликка маълум бўлишининг олдини олиш учун «президентга қарши фитнага қўшилган» деган қарашлар ҳам мавжуд.

ФҚБ директори Жон Эдгар Ҳувер. Гумонланувчилар орасида айнан Ҳувер кўпроқ шубҳа туғдиради. Суиқасд ортида у турган бўлиши мумкин. Чунки 1960 йил кузда ўтказилган президентлик сайловида Ҳувер зимдан Кеннедининг рақиби Ричард Никсонни қўллаган. 1962 йилда МРБ бошлиғи Аллен Даллес ишдан бўшатилгандан сўнг кўпчилик Кеннеди Жон Ҳуверни ҳам ишдан олишини тахмин қила бошлайди.

Кеннеди ва ФҚБ раҳбари Жон Эдгар Ҳувер. Кеннедининг ўлдирилиши бўйича тузилган гумондорлар рўйхатида Ҳувер ҳам бор.

Ҳувер ФҚБни 1924 йилдан буён бошқариб келаётганди. У ўз амалида қолиш учун президентни ўлдирган деган тахминлар ҳам бор. Кейинчалик, Ҳувернинг вафотидан сўнг Америка матбуотида у ФҚБ юрисдикциясини кўп бора бузгани ва АҚШ раҳбарлари тўғрисида махфий маълумотлар тўплаб боргани ҳамда улардан президентларга босим ўтказиш учун фойдалангани тўғрисида материаллар чоп этилади.

Ҳарбий-саноат комплекси. Бу комплекс мамлакат қуролли кучлари ва уни таъминловчи мудофаа саноати (жумладан, хусусий корпорациялар) ўртасидаги норасмий иттифоқ бўлиб, у давлат сиёсатига таъсир кўрсатадиган манфаат сифатида қаралади.

1961 йил 17 январда АҚШ президенти генерал Дуайт Эйзенхауэр ўз лавозимини тарк этишидан олдин қилган хайрлашув нутқида халқни ҳарбий-саноат комплексининг қудрати ошиб бораётганидан огоҳлантирган, ҳукумат ишларида унинг ножоиз таъсиридан эҳтиёт бўлишга чақирганди.

Кубаликлар. Кеннеди даврида Кубада Фидел Кастро тузумини ағдариб ташлаш учун бир қанча ҳаракатлар қилинган ва оқибатда СССР-АҚШ муносабатлари уруш ёқасига келиб қолганди. Шунингдек, МРБ томонидан Кастрони йўқ қилишга уринишлар ҳам бўлган. Шу сабабли кубаликлар ҳам суиқасд гумонланувчилари ҳисобланади.

Миллиардер Аристотел Онассис. Келиб чиқиши грек бўлган бу шахс Кеннедилар оиласи билан 1958 йилда танишади ва Кеннедининг хотини Жаклинни ёқтириб қолади. Кейинчалик, 1963 йилда Жаклин Онассиснинг ҳашаматли яхтасида дам олади ва бу ҳақдаги хабар ОАВда эълон қилинади. Бундан хабар топган президент қаттиқ ғазабланиб, хотинига тезда Вашингтонга қайтишни буюради.

Жаклин Кеннеди ва Аристотел Онассис никоҳдан ўтишмоқда. Ўша пайтда Онассис 62, Жаклин эса 39 ёшда бўлган

Кеннеди ўлдирилгандан сўнг беш йил ўтгач, 1968 йилда Жаклин Онассисга турмушга чиқади. Гарчи миллиардернинг номи гумондорлар рўйхатининг охирида келса ҳам қотилни у ёллаган бўлиши эҳтимоли ҳам бор.

Шунингдек, Кеннедининг ўлимида АҚШ Федерал захира тизимининг ўша пайтдаги раҳбарияти, Техас нефт магнатлари, уюшган жиноий тўдалар (мафия – Кеннеди уларни йўқ қилиш учун жиддий чоралар кўрганди) асосий гумондорлар ҳисобланишади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид