Одамларда Уран сайёраси ҳақидаги тасаввурларнинг аксарияти NASA’нинг “Вояжер-2” космик миссияси кузатувлари натижасида пайдо бўлган. Аммо “Вояжер-2” ташрифи кучли қуёш бўрони билан бир вақтга тўғри келган, бу эса аппарат томонидан олинган маълумотларни бузиб кўрсатган, оқибатда ушбу сайёра тизими ҳақида нотўғри тасаввур шаклланган, дея ёзади BBC.

Уран — Қуёш тизимининг энг чеккасида жойлашган ниҳоятда гўзал сайёра. Муз қобиғи билан ўралган бу сайёра энг узоқ ва совуқ осмон жисмларидан ҳисобланади.

Бундан ташқари, Қуёш тизимидаги бошқа барча сайёралардан фарқли ўлароқ, Ураннинг айланиш ўқи унинг орбита текислигида жойлашган, яъни сайёра гўё ағдарилиб, ёнбошлаб ётгандек кўринади — бу эса уни янада сирли қилади.

Сайёранинг яқиндан олинган тасвирларини илк бор 1986 йилда кўрганмиз — ўшанда Уран яқинидан учиб ўтган “Вояжер-2” унинг ўзи ва бешта энг катта йўлдоши суратларини юборган.

Аппарат томонидан олинган маълумотлар эса олимларни янада ҳайратга солди. Улардан маълум бўлишича, Уран тизими биз ўйлагандан анча ғалатироқ ва ажойиброқ тузилган. Қуёш системасининг ташқи қисмидаги бошқа барча сайёралардан фарқли ўлароқ, сайёранинг ўзида ҳам, унинг йўлдошларида ҳам ҳеч қандай фаоллик аниқланмаган.

Кузатувлар натижаларига кўра, Ураннинг ҳимоя магнитосфераси сайёрага нисбатан симметрик эмас, балки Қуёшга қараган томондан сал силжиган ва ясси ҳолатда.

Одатда, сайёра магнит майдони геологик фаоллик натижасида унинг қаъридан отилиб чиқадиган газлар ва бошқа моддаларни сайёрадан ташқарига чиқармайди. “Вояжер-2” Уранда бундай жараёнларнинг бирорта белгисини топмади. Бу эса олимларни Ураннинг ўзи ва бешта энг йирик йўлдошида мутлақо ҳаёт йўқ, деган хулосага олиб келди.

Сўнгги кашфиёт олимлар учун кутилмаган янгилик бўлди, чунки юқорида таъкидланганидек, Уран Қуёш тизимидаги бошқа барча сайёралардан ва уларнинг табиий йўлдошларидан ажралиб туради.

Расм: Уран йўлдошларидан бири Миранданинг “Вояжер-2” томонидан олинган сурати. Янги тадқиқотга кўра, Миранда сиртининг остида бутун бошли океан яширинган бўлиши мумкин – ҳатто яшаш учун қулай шароитлар борлиги эҳтимолдан холи эмас.

Уранда океан борми?

Ўн йиллар давомида ечилмай келган жумбоқ янги маълумотлар таҳлили туфайли ҳал этилди. Сўнгги тадқиқотлар “Вояжер-2” Уран яқинидан жуда ноқулай вақтда учиб ўтганини кўрсатди.