Жанубий Корея президенти ҳарбий ҳолат режимини бекор қилди
Жанубий Корея парламенти ҳарбий ҳолат режимига қарши чиқди. Уни амалга ошириш учун сафарбар қилинган қўшинлар базага қайтди, деб хабар берди Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси.
Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл мамлакатда бир неча соат аввал жорий этган ҳарбий ҳолат режими тугатилганини маълум қилди, деб хабар бермоқда Жанубий Кореянинг Yonhap ахборот агентлиги 4 декабр, чоршанба куни эрта тонгда.
Бунгача мамлакат парламенти – Миллий мажлис ҳарбий ҳолат режимига қарши чиққан эди. Reuters хабарига кўра, 3 декабр куни кечки пайт қуршовдаги парламент биносига киришга муваффақ бўлган 300 нафар депутатдан 190 нафари уни бекор қилиш учун овоз берган.
Жанубий Корея конституциясига кўра, мамлакат парламенти фавқулодда ҳолатни кўпчилик депутатлар ёқлаб овоз берган тақдирда бекор қилиш ҳуқуқига эга. Овоз беришдан кейин парламент спикери Ву Вон Сик Юн Сок Ёлни қарорини бекор қилишга чақирди.
Жанубий Корея қўшинлари базага қайтди
Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси маълумотларига кўра, ҳарбий ҳолатни амалга ошириш учун сафарбар этилган қўшинлар базага қайтиб, нормал ҳолатни тиклашга имкон берди, деб хабар қилди Yonhap.
Мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этиш тўғрисидаги қонун бекор қилинганидан сўнг, мухолифат блоки вакиллари президентни танқид қилишни кучайтирди, баъзилари эса унинг импичментини бошлаш билан таҳдид қилишди, дея хабар беради нашр.
Юн Сок Ёлнинг ўзи яна Миллий мажлисни мамлакатни фалаж қилаётган «ғазабнок» ҳаракатларни, жумладан, ҳукумат амалдорларига импичмент эълон қилишга уринишларни тўхтатишга чақирди.
Мавзуга оид
19:55 / 04.12.2024
Корейсча хаос: президент «ўз оёғига болта урди»
17:56 / 04.12.2024
«Президент жазога тортилади» – Жанубий Корея воқеалари юзасидан суҳбат
16:59 / 04.12.2024
Жанубий Кореядаги сиёсий инқироз: президентга импичмент жараёни бошланди, мудофаа вазири истеъфо берди
14:05 / 04.12.2024