Жаҳон | 09:51 / 04.12.2024
7010
4 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореяда мухолифат президентга импичмент эълон қилишга чақирмоқда

Мухолифатдаги «Тобуро» демократик партияси президент Юн Сок Ёлни исёнда айблаб, унга импичмент эълон қилишни талаб этмоқчи. Фуқаролик ташкилотлари Жанубий Корея ҳукуматининг истеъфосини талаб қилмоқда.

Фото: REUTERS/Kim Soo-hyeon

Жанубий Кореядаги энг йирик мухолиф куч – «Тобуро» демократик партияси 4 декабр, чоршанба куни мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилиши ва бекор қилиниши билан боғлиқ вазият фонида мамлакат президенти Юн Сок Ёлга импичмент эълон қилиш ниятида эканлигини маълум қилди. Партия давлат раҳбарига, мудофаа ва ички ишлар вазирларига, шунингдек, «ҳарбий ҳолат қўмондони ва полиция бошлиғи каби асосий ҳарбий ва полиция зобитларига» қарши фитна айбловларини қўйишини қўшимча қилди», дейилади AFP хабарида.

Айни пайтда Жанубий Корея президенти маъмурияти аъзолари оммавий равишда истеъфога чиқиш истагини билдиришди. Жанубий Кореянинг Yonhap ахборот агентлиги аниқлик киритишича, бундай мурожаатлар, жумладан, Юннинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Шин Вон Сик, шунингдек, президент маъмурияти раҳбари Жунг Жин Сук томонидан ёзилган.

Жанубий Корея ҳукумати истеъфога чиқишга чақирилди

Шу куни, 4 декабрда қатор жамоат ташкилотлари вакиллари Сеулдаги Кванхвамун майдонига йиғилиб, президент томонидан ҳарбий ҳолат жорий этилганини қоралади ва ҳукумат истеъфосини талаб қилди, деб ёзади Yonhap. Полиция намойишчилар сонини 400 киши атрофида баҳоламоқда.

Корея касаба уюшмалари конфедерацияси, «Демократия учун халқ бирдамлиги» ва бошқа жамоат ташкилотлари аъзолари матбуот анжумани ўтказиб, Юннинг бир кун аввал ҳарбий ҳолат эълон қилгани конституцияга зид, ноқонуний ва ҳақиқий эмаслигини таъкидлади, деб ёзади Yonhap.

«Президент Юн Сок Еол ҳарбийларни Миллий мажлисни талон-торож қилиш учун сафарбар қилди, қонун чиқарувчиларнинг парламент эшитувларига киришига ва уларни ўтказишига тўсқинлик қилишга уринди ҳамда ҳарбий ҳолат эълон қилиш ва одамларнинг сиёсий фаолият ҳуқуқи каби асосий ҳуқуқларини бузиш орқали конституциявий вайронагарчиликка йўл қўйди», — дея жамоат ташкилотларидан бири вакилининг сўзларидан иқтибос келтиради агентлик.

Ўз навбатида, Candlelight Action фуқаролик гуруҳи алоҳида матбуот анжумани ўтказиб, Юнга зудлик билан импичмент эълон қилиш ва уни ҳибсга олишга чақирди.

Жанубий Корея президенти ҳарбий ҳолат режимини бекор қилди

Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл мамлакатда бир неча соат аввал жорий этган ҳарбий ҳолат режими тугатилганини маълум қилди, деб хабар бермоқда Жанубий Кореянинг Yonhap ахборот агентлиги 4 декабр куни эрта тонгда.

Бунгача мамлакат парламенти – Миллий мажлис ҳарбий ҳолат режимига қарши чиққан эди. Reuters хабарига кўра, 3 декабр куни кечки пайт қуршовдаги парламент биносига киришга муваффақ бўлган 300 нафар депутатдан 190 нафари уни бекор қилиш учун овоз берган.

Жанубий Корея конституциясига кўра, мамлакат парламенти фавқулодда ҳолатни кўпчилик депутатлар ёқлаб овоз берган тақдирда бекор қилиш ҳуқуқига эга. Овоз беришдан кейин парламент спикери Ву Вон Сик Юн Сок Ёлни қарорини бекор қилишга чақирди.

Мавзуга оид