Қашқадарёда эр ва хотиннинг телефон орқали суҳбати энг қиммат алоқа сифатида рекордлар рўйхатига киритилишига даъвогарлик қилиши мумкин: аёл турмуш ўртоғи билан қўнғироқлашиш учун 1 500 доллар тўлашига тўғри келди. Аммо алоқа компаниясига эмас. Kun.uz “Халқаро коррупцияга қарши кураш куни” муносабати билан Ўзбекистонда содир қилинган бироз ноодатий коррупцион ҳолатларни тўплади.

Ўзбекистонда коррупцион ҳолатларнинг аксарияти соҳалар кесимида бир-бирига жуда ўхшаш: таълим ва тиббиёт тизимида ишга жойлаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида жиноятни яшириш, “дело” очмаслик, маҳаллий ҳокимликлар ва кадастр йўналишида ер олиб бериш, ҳужжатлаштириш, экология тизимида эса чора кўрмаслик билан боғлиқ порахўрлик ҳолатлари кўп учрайди. Бироқ баъзида булардан фарқли равишда ноодатий порахўрлик ҳолатлари ҳам содир этилади.

3 минг долларлик “алоқа”

Қашқадарёда турмуш ўртоғи билан телефонда гаплашмоқчи бўлган аёлдан 3 минг АҚШ доллари пора сўралди. Негаки, аёлнинг эри жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган эди.

Гап шундаки, ИИВ Жазони ижро этиш Департаменти, 6-минтақавий ҳудуд, 1-сонли жазони ижро этиш колониясида тарбиявий ишлар бўлими катта инспектори лавозимида ишлаб келган Жасур Юнусов (мақоладаги барча исмлар ўзгартирилган) “алоқачи”лик қилиб пул топмоқчи бўлган.

У жиноят ишлари бўйича Нишон туман судининг 2015 йил 1 апрелдаги ҳукми билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган ва жазо муддатини ўтаётган маҳкумга оила аъзолари ва яқин танишлари билан яширин равишда телефон орқали алоқага киришишга шароит яратиб берган. Жумладан, Жасур Юнусов маҳкумни ўзида сақлаб келган телефон аппарати орқали турмуш ўртоғи билан гаплаштириб келган.

Жасур Юнусов яқинлари билан гаплашиш учун телефон тақдим қилиши эвазига маҳкумдан 3 минг АҚШ доллар талаб қилган. У 2024 йил 2 август куни Қарши шаҳрида киракаш орқали маҳкумнинг турмуш ўртоғидан 1 500 АҚШ доллари олган вақтида тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.

Суд ҳукми билан “алоқачи” инспектор Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга 1 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Тўёначи” раҳбар