Ўзбекистонда қарз олиш ниҳоятда қиммат. Шунга қарамай, охирги 5 йил ичида жисмоний шахсларнинг банклардаги кредитлари қолдиғи 4,3 баробарга кўпайиб, қарийб 173 триллион сўмга етган. Молиявий интизом масаласи ҳар қачонгидан долзарблашиб, борган сари кўпроқ одамлар қийин аҳволга тушиб қолмоқда. Бунга сабаб нима?

Бугунги кунда маҳсулотларни кредит ёки бўлиб тўлашга олиш ўзбекистонликлар кундалик ҳаётининг ажралмас қисмига айланган десак муболаға бўлмайди. Одамлар энг кичик маиший техникалардан тортиб, автомобил ёки уй-жой харид қилишгача бўлган турли мақсадлар учун банклардан ёки бошқа молиявий ташкилотлардан қарз олишяпти.

Аммо бу кўп ҳолатларда тўғри қарор бўлмаслиги мумкин.

Ўзбекистонликларнинг қанча кредити бор?

Марказий банк маълумотларига кўра, 2024 йилнинг 1 ноябр ҳолатига, банклар томонидан жисмоний шахсларга ажратилган жами кредитлар қолдиғи 172,8 трлн сўм ёки 13,7 млрд долларни ташкил этган. Бу – бир йил олдинги кўрсаткичдан 20 фоизга кўп.

Статистик рақамларга эътибор берилса, охирги йилларда ўзбекистонликларнинг қарз юки ортиб бораётганини кўриш мумкин. Масалан, 2020 йилнинг 1 январ ҳолатига, жисмоний шахсларнинг кредит қолдиғи 39,9 трлн сўм бўлган. Бу миқдор айни пайтга келиб 4,3 баробарга кўпайган.

Ўз навбатида, бу давр оралиғида муаммоли кредитларнинг жами кредитлардаги улуши ҳам 1,5 фоиздан 4,2 фоизгача ўсган.

Жисмоний шахслар асосан қуйидаги мақсадларда кредит олишган:

  • ипотека кредитлари – 65,8 трлн сўм (жами кредит қолдиғининг 38,1 фоизи);
  • микроқарзлар – 39,8 трлн сўм (23,1 фоиз);
  • истеъмол кредитлари – 41,2 трлн сўм (23,9 фоиз);
  • таълим кредитлари – 5,5 трлн сўм (3,3 фоиз);
  • тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилган кредитлар – 18,8 трлн сўм (11 фоиз);
  • бошқа кредитлар – 1,5 трлн сўм (0,9 фоиз).