Жаҳон | 16:26
4326
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон президенти бош вазирнинг истеъфога чиқиши сабабини айтди

Садир Жапаров сўзларига кўра, Оқилбек Жапаров Давлат солиқ хизмати раҳбариятига нисбатан қўзғатилган жиноят иши тергови доирасида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида истеъфога чиқарилган.

18 декабр куни Қирғизистон парламенти Жогорку Кенеш йиғилишида мамлакат президенти Садир Жапаров Вазирлар Маҳкамасининг собиқ раҳбари Оқилбек Жапаровни лавозимидан четлатиш ҳақидаги қарорини тушунтирди.

Унинг сўзларига кўра, бу Давлат солиқ хизмати раҳбариятига нисбатан қўзғатилган жиноят иши тергови доирасида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида қилинган.

«Биз солиқ тизимидаги салбий кўринишлардан жуда хафамиз. Акциз маркалари билан боғлиқ фирибгарликлар маълум бўлди. Бу соҳа Оқилбек Усенбекович назоратида эди, шунга кўра, ноқонуний ҳаракатларга чек қўйилиши мумкин эди. Манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш мақсадида Давлат солиқ хизмати раҳбариятига нисбатан қўзғатилган жиноят иши туфайли мен уни лавозимидан четлатишга мажбур бўлдим», деб президент сўзларини келтирди 24.kg.

Оқилбек Жапаров бу лавозимда уч йил ишлаганидан сўнг 16 декабр куни Вазирлар Маҳкамаси раиси лавозимини тарк этган эди. Аввалроқ, 3 декабр куни Бишкекда Давлат солиқ хизмати бошқармаларининг тўрт нафар раҳбари ва 30 га яқин оддий ходим коррупцияда гумонланиб ҳибсга олинди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Қамчибек Ташиев сўзларига кўра, мансабдор шахслар мамлакат бюджетига 3,2 миллиард қирғиз сўми (36,8 миллион доллар) миқдорида зарар етказган коррупцион схемани тузган.

18 декабр куни президент Жапаров бош вазир лавозимига Одилбек Қосималиевни тайинлаш ҳақидаги фармонни имзолади.

Мавзуга оид