Жаҳон | 15:50 / 27.12.2024
2454
4 дақиқада ўқилади

Болтиқ денгизидаги электр кабелни таъмирлаш бир неча ой давом этади

Кабелнинг эҳтимолий зарар етказилган жойи ҳали аниқланмаган. Финландия полицияси воқеа юзасидан тергов олиб бормоқда.

Фото: AP

26 декабр, пайшанба куни Финландия тизим оператори Fingrid бир кун аввал носозликка учраган Эстония ва Финландия ўртасидаги Estlink 2 электр кабели бир неча ой давомида ишламаслигини хабар қилди. Компания денгиз кабелига шикаст етказилган жой аниқланганини маълум қилди ва янги маълумотлар пайдо бўлиши билан кабелнинг ишлашини тиклаш муддатини эълон қилишга ваъда берди.

Полиция воқеа юзасидан тергов олиб бормоқда

Fingrid маълумотига кўра, кабелнинг электр тармоғига уланиши 25 декабр куни тушдан кейин узилган. Компания ташқи аралашув эҳтимолини инкор этмади, бироқ ҳодиса сабабларини аниқлаш давом этишини таъкидлади. Қайд этилишича, Ҳонгконг байроғи остида сузувчи Xin Xin Tiang 2 кемаси узилиш содир бўлган жой яқинида пайқалган. Yle медиа-компаниясининг маълумотларига кўра, яна бир кема - Estlink 2 кабели ҳудудида Кук ороллари байроғи остида Санкт-Петербургдан Мисрга йўл олган ва ҳодиса аниқланганда сезиларли даражада секинлашган Eagle S.

Marinetraffic денгиз ҳаракати мониторинги хизмати маълумотларига кўра, Финландия чегара қўриқлаш хизмати патрул кемаси танкерни қирғоққа кузатиб қўйган.

Финландия полицияси сувости кабелининг носозлиги учун кема экипажлари айбдор бўлиши мумкинлигини текширмоқда, деб хабар беради Reuters. «Полиция қирғоқни қўриқлаш ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда воқеалар занжирини текширмоқда», — дейилади хабарда.

Денгизда кабеллар узилиши: Финлар танкерни диверсияда гумон қилмоқда

Финландия ва Эстония ўртасидаги учта алоқа кабели шикастлангани сабабли Финландия ҳукумати Россия портларидан биридан Кук ороллари байроғи остида сузиб келган Eagle S нефт танкерини «жиддий диверсия»да гумон қилмоқда. Терговчилар кеманинг Россия Федерациясининг «соядаги флоти»га тегишли эканлиги ҳақидаги шубҳаларни ўрганмоқда, деди 26 декабр куни Финляндия божхона хизмати директори Сами Ракшит, AFP агентлиги унинг сўзларидан иқтибос келтирган.

«Бизнинг патрул кемамиз ҳудудда эди ва кемада лангар йўқолганини пайқади», деди Финландия Чегара қўриқлаш хизмати вакили Маркку Ҳассинен ўша куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида. Шунинг учун, «ғалати нарса содир бўлганига ишониш учун аниқ асослар бор», дея қўшимча қилди у. Финландия бош вазири Петтери Орпо журналистларга воқеа «жуда жиддий» эканлигини айтди. «Ҳокимиятнинг қатъий ҳаракатлари бошқа судларга аниқ сигнал бериши керак: биз аралашамиз», деб огоҳлантирди у.

Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна Болтиқ денгизидаги муҳим сувости инфратузилмасига етказилган зарарни ҳисобга олиб, «бу бахтсиз ҳодиса ёки оддий манёврдаги хато эканлигига ишониш қийин», деб тушунтирди. Агар кема лангарини денгиз туби бўйлаб судраб кетган бўлса, буни бахтсиз ҳодиса деб ҳисоблаш қийин, деди у Финландия ҳукумати билан музокаралардан сўнг, дея хабар берди AFP.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид