Суриянинг Тартус вилоятида мамлакатнинг ағдарилган президенти Башар Асаднинг тарафдорлари янги ҳукумат полициясининг 14 вакилини ўлдирган. Бу тўқнашув ҳақида ноябр ойи охиридаги исёнга бошчилик қилган «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» тузган ўтиш даври ҳукумати хабар берди. Янги ҳукумат минтақадан «Асад кучлари»ни сиқиб чиқариш мақсадида амалиёт бошлаганини эълон қилди.

Ўтиш даври ҳукуматининг ички ишлар вазири Муҳаммад Абдулраҳмоннинг изоҳлашича, ҳуқуқ-тартибот органлари гуруҳи Асадга содиқ кучлар қўйган «пистирма»га дуч келган. Унинг сўзларига кўра, Сурия полициясининг 14 ходими ҳалок бўлиб, яна камида 10 ходим жароҳат олган.

Офиси Британияда бўлган Суриядаги инсон ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш маркази (SOHR) отишмада қуролланган уч киши ўлдирилганини хабар қилган. Ташкилот хабарида улар озчиликни ташкил этувчи алавийлар вакили бўлгани ҳақида гап йўқ.

Суриядаги вақтинча ҳукумат «мамлакат хавфсизлигига путур етказувчи ёки унинг фуқаролари ҳаётини хавф остига қўювчи» ҳаракатларни амалга оширадиган ҳар қандай кучга қарши қатъий чоралар кўришни ваъда берган.

Асад тарафдорлари бўлган кучлар билан тўқнашув Сурия ғарбида, асосий аҳолиси Асадлар сулоласи таянчи ҳисобланган алавийлар яшовчи Тартус порт шаҳри яқинида рўй берган.

25 декабр куни бир вақтнинг ўзида Суриянинг бир неча шаҳрида шиалар ва алавийлар намойишларга чиқди.

Бу норозилик акцияларига ижтимоий тармоқларда Ҳалаб шаҳридаги алавийларнинг Ал-Ҳусайн ибн Ҳамдон Ал-Ҳашибий зиёратгоҳига ҳужум ҳақидаги видео тарқалиши сабаб бўлган.

Суриянинг янги ҳукумати маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ноябр ойи охиридаги юриш вақтида олинган. Аммо бу баёнот алавийлардаги норозилик тўлқинини тўхтатишга ёрдам бермади.

Намойишлар Ҳомс шаҳрида ҳам ўтказилган, бу ерда норозилик акцияси қатнашчиларидан камида бир нафари полиция билан тўқнашувлар қурбони бўлган. Шунингдек, Тартус, Латақия ҳамда Башар Асаднинг отаси Ҳафиз Асад туғилган Кардах шаҳарларида ҳам бўлиб ўтган.

Латақия ва Ҳомс шаҳарларида оммавий норозилик намойишлари тарқатилганидан кейин бир кечага — 26 декабр куни эрталабки соат 8 га қадар комендантлик соати жорий этилган.

Намойишларнинг талаблари тўғрисида ишончли маълумот йўқ. Reuters агентлиги хабарига кўра, норозилик акциялари иштирокчилари, катта эҳтимол билан, Башар Асад режими қулаганидан кейин хавфсизлик кафолатлари берилишини истамоқда.