Куз охирида ва қиш бошларида Донбасс жануби ва марказидаги фронтнинг барча участкаларида Украина мудофаасида инқироз юзага келди. Кузда россияликлар Вуҳледар ва Селидовени эгаллаганидан кейин, Украина қуролли кучлари ушбу шаҳарлар ташқарисида барқарор мудофаа ташкил эта олмади ва ўз сафлари бир неча бор ёриб ўтилишига йўл қўйди.

Бу эса Покровск, Курахово ва Велика Новосилка каби асосий истеҳкомларнинг қанотларида украин бўлинмалари бир неча бор оператив қуршов ҳолатига тушиб қолиши ва позицияларидан чекинишга мажбур бўлишига олиб келди.

Шунга қарамай, ҳарбий экспертлар маълум йўналишларда русларнинг ҳужум қилиш салоҳияти аста-секинлик билан пасайиб бораётгани ва Россия армияси энди ҳудуддаги асосий шаҳарларни қамраб олиш (шаҳарлар ичкарисида оғир кўча жанглари ўтказиш билан) бўйича бир вақтнинг ўзида бир неча йирик юриш амалиётлари ўтказиш учун етарли кучга эмаслигини айтишмоқда.

Аммо Украина учун ҳам вазият фавқулодда оғирлигича қолмоқда, айниқса Россия Херсон ва Запорижжя томон янги юриш амалиётларига тайёргарлик кўраётгани тўғрисидаги хабарлар ортидан.

Покровск жанубидаги инқироз

Россия армияси ушбу йирик саноат шаҳрининг шарқий чеккаларига ёз охиридаёқ етиб келганди. Кремлдагилар уни эгаллаш учун фронтнинг мазкур участкасига учта умумқўшин армия кучларини жамлади. Таҳлилчилар «Покровск учун жанг» сентябрдаёқ бошланишини прогноз қилган бўлса-да, бу рўй бермади.

Украин ҳарбийлари рақибнинг Покровск ва унинг йўлдош шаҳри Мирноград томон юришини Лисовка-Сухая Яр-Промин-Миролюбовка қишлоқлари чизиғи бўйлаб, яъни шаҳарга 8-10 км масофа қолганида секинлаштиришга эришишди.

Маҳаллий аҳоли вакили Покровскдаги вайрон бўлган кўприк ёнидан ўтмоқда. Россияликлар шаҳарни ўққа тутмоқда ва уни ўраб олишга уринмоқда. Фото: Reuters

Шунингдек, Украина қуролли кучлари Россия армияси Константиновкага олиб борувчи муҳим трассани тўсиб қўйишига ҳам йўл қўймади.

Украина қуролли кучлари «Ҳортица» оператив-стратегик гуруҳи маълумотига кўра, декабр ойи охирига келиб Покровскнинг ўзида ёки унинг чеккаларида ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётгани йўқ.

Гуруҳ матбуот котиби Виктор Трегубов айтишича, россияликлар шаҳарни рўпарадан штурм қилишдан қочмоқда, аммо унинг қанотлари бўйлаб ҳаракатланмоқда.