Қўшма Штатларнинг 39-президенти, тинчлик бўйича Нобел мукофоти лауреати Жимми Картер 100 ёшида вафот этди. Сўнгги йилларда у оғир бетоб эди. BBC унинг ҳаёти ва сиёсий фаолияти ҳақида ёзди.

Жеймс Эрл Картер, бошқа нарсалар қатори, ўзининг қисқартирилган исми - Жимми билан чақиришни сўраган биринчи юқори мартабали давлат арбоби сифатида тарихга кирди. «Мен оддий фермерман, бу менга кўпроқ қулай», деди у журналистларга.

Кейинчалик бу мода инглиз-саксон дунёсида ўз ўрнини топди: Тони (Энтони эмас) Блэр, Билл (Уилям эмас) Клинтон, Жо (Жозеф эмас) Байден ва бошқалар. Бугун, бундай анъана йўқолиб бормоқда ва сиёсатчилар «исми қандай ёзилган бўлса, шу тарзда мурожаат қилишни» талаб этмоқда.

«Қишлоқи йигит»

Картер сиёсатда қишлоқи-идеалист тимсолидан тўлиқ фойдаланди. Унинг асосий ташвиқот шиори «Сизларга ҳеч қачон ёлғон гапирмайман!» эди. Аслида, у жуда ҳам «қишлоқи» эмас - иккита нуфузли дипломга эга – Жоржия технология институти ва Аннаполис ҳарбий-денгиз академияси, 1950-йилларнинг бошларида у биринчи атом сувости кемаларида хизмат қилди. «Фермерлик» эса унга отамерос эди, шу туфайли қишлоқ хўжалиги билан шуғулланди. Картернинг сиёсий стратеглари «ферма» деб атаган нарса аслида ерёнғоқ ишлаб чиқарадиган йирик саноатлашган корхона эди.

«Сизларга ҳеч қачон ёлғон гапирмайман!» - АҚШ президентлигига номзод Жимми Картер (BBC)

Картер икки марта, 1962 ва 1964 йилларда Жоржия Сенатига сайланди, 1970 йилда эса ушбу жанубий штат губернатори бўлди.

Фуқаролар уруши даврида Жоржия қулдорлик конфедерациясининг бир қисми эди. Картер ўзига ўтмиш билан алоқани бутунлай узган «Янги жануб» вакили сифатида образ яратди. У шимолий либерал Уолтер Мондейлни вице-президентликка таклиф қилди ва қоратанли америкаликлар ҳуқуқлари учун курашувчи таниқли шахсларни ўз томонига оғдирди.

Омадсизлик серияси

1976 йилда АҚШ президенти сайловида ғалаба қозонганидан сўнг, Картер Ветнам урушига боришдан бош тортганларни амнистия қилди, ўз маъмуриятига аёллар ва миллий озчилик вакилларини киритди, ўзидан олдингиларга қараганда қишлоқ жойларига кўпроқ саёҳат қилди ва «Президент Картердан сўранг» радио дастурида мунтазам равишда америкаликларнинг саволларига жавоб қайтарди.