«Муҳатарам ватандошлар, сиз азизларни, кўп миллатли Ўзбекистон халқини янги 2025 йил билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Жаҳондаги мураккаб вазиятга қарамасдан, ўтаётган йил мамлакатимиз учун қутли ва баракали бўлди. Бунинг учун ҳар қанча шукрона айтсак арзийди», — деб бошлади табрикни президент.

Муҳтарам ватандошлар! Сиз, азизларни, кўпмиллатли Ўзбекистон халқини янги – 2025 йил билан чин қалбимдан муборакбод этаман. 

Жаҳондаги мураккаб вазиятга қарамасдан, ўтаётган йил мамлакатимиз учун қутли ва баракали бўлди. Бунинг учун ҳар қанча шукрона айтсак, арзийди.

Меҳнаткаш халқимизнинг фидокорона меҳнати, сиёсий-ижтимоий фаоллиги билан Янги Ўзбекистон ғояси реал воқеликка айланмоқда.

Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловлар демократик ислоҳотларнинг янги даврига қадам қўйганимизни яна бир марта тасдиқлади.

Юртимизда юқори технологияли янги саноат мажмуалари, инфратузилма ва логистика тармоқлари, автомобиль ва темир йўллар барпо этилди. Бизнес, IT ва туризм соҳалари изчил ривожланмоқда. Аҳоли даромадлари ва турмуш сифати ошмоқда. 

Миришкор деҳқон ва фермерларимиз, кластерларимиз ишчи-хизматчилари мардона меҳнат қилиб, мўл ҳосил етиштирдилар. 

Янги уй-жойлар, боғча ва мактаблар, олийгоҳлар, маданият ва спорт масканлари қад кўтармоқда. Юртимиз тобора обод қиёфа касб этмоқда. Минглаб юртдошларимиз Янги йилни янги уйларда кутиб олмоқда.

Билимли ва шижоатли, навқирон ёшларимиз улкан ютуқларни қўлга киритмоқда. Айниқса, Олимпия ва Паралимпия ўйинларида эришилган рекорд натижалар миллий спортимиз тарихида янги саҳифа очди.

Фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, маҳалланинг роли ва таъсири кучаймоқда. Маънавий юксалиш жараёнлари ҳаётимизда янги куч, янги ҳаракатга айланмоқда.

Глобал аҳамиятга эга ташаббусларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Халқаро майдонда Ўзбекистоннинг рақобатбардош мамлакат, ишончли ҳамкор сифатидаги обрў-эътибори юксалиб бормоқда.

Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси диёримиздаги барқарорлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик натижасидир.