Instagram'нинг ўзбек сегментида ҳаётий муаммоларни ортиқча бўрттириш ва муболағаларсиз кўрсатиб бера оладиган блогерлар бармоқ билан санарли. 2023 йилда ўзининг қисқа метражли фильмлари билан бу маконга кириб келган “Чумоли” жамоаси ана шулардан бири. Уларнинг видеолари ўртача 2 миллиондан 11 миллионгача томоша қилинган. 150 га яқин видеолари орқали 700 мингдан ортиқ обуначига эга бўлган. Хўш, қисқа вақт ичида бу жамоа қандай қилиб муваффақиятли лойиҳага айлана олди? Улар бу ҳақда Kun.uz'га гапириб берди.

“Чумоли” жамоаси муаллифлари Баҳодир Раҳимов ҳамда Жасур Рустамов Kun.uz билан интервюда лойиҳанинг ташкил топиши, контентларнинг тасвирга олиниш жараёни, ижод эркинлиги, аудитория маданияти, муаллифлик ҳуқуқи каби мавзуларга тўхталишди.

“Роботлашаётган”имни сезиб ишдан бўшаганман

Баҳодир Раҳимов: Ижоддаги ҳамкасбим Жасур билан ўн икки йиллик дўстмиз. Иккаламиз ҳам Республика мусиқа ва санъат коллежида актёрлик ва режиссёрлик бўйича таҳсил олганмиз. Коллежни тамомлагандан сўнг Жасур Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ўқишни давом эттирди. Мен эса тезпишар таом тайёрловчи марказда фаолиятимни бошлаб, оддий ишчидан менежер даражасигача кўтарилдим.

Ҳаммаси рисоладагидек кетаётган эди: яхши раҳбарлар қўл остида қониқарли маош билан фаолият юритаётгандим, аммо қалбимдаги ижодга талпиниш ҳисси магнитдек тортиб турарди. Ходим сифатида ишлаб юрган вақтларимда ўзимни роботдек тасаввур қилардим, бир топшириқ тугаса, нафас олишга ҳам улгурмай иккинчисини бажаришга шай ҳолатда туриш керак. Фикрлаш, ҳаётимни таҳлил қилишга деярли вақт бўлмасди. Даромад яхши келса-да, ич-ичимдан қониқишни ҳис этмасдим. Бир кун ўзим билан ўзим яхшилаб гаплашиб олдим, нимани хоҳлаётганим, қайси касбда маза қилиб ишлай олишимни ўйладим ва ишимни тўхтатиб ижод йўлига киришга қатъий қарор қилдим.

Жасур Рустамов: Ўқишни тугатиб, кино, клип, телеканалларда турли контентлар олинишида постановкачи оператор бўлиб ишладим. Ўзим мустақил кино олиш, унда ҳам режиссёр, ҳам оператор бўлишни хоҳлардим. Орада қўшимча ижодий ишлар ҳам қилиб турардик. Яхши роллар бўлса, Баҳодирни таклиф қилардим, эпизодларда ўйнарди. Бир сафар Баҳодир билан филм тасвирга олиш вақтида Instagram учун контент яратиш ғояси пайдо бўлган. Бу платформага қисқа метражли филмлар ишлаб, жойлаш бориш таклифини берганман. Бошида Баҳодир ҳам, атрофимиздаги бошқа дўстларимиз ҳам “