Ерда (ҳозирча) музликлар жуда кўп. Улар қуруқликнинг тахминан 10 фоизини, океанларнинг эса 7 фоизини қоплайди. Инсоният туфайли музликлар эриб боряпти, бу бутун сайёрага таъсир қилади. Биринчидан, жаҳон океанидаги сув сатҳи кўтарилмоқда — бу эса тез-тез содир бўладиган тошқинлар, довуллар ва бутун бошли мамлакатларнинг сув остида қолишига олиб келиши мумкин. Иккинчидан, музнинг эриши ва бу жараёнда сувнинг буғланиши Ерда ҳаво ҳароратини оширади, бу эса иқлим инқирозини кучайтиради. Бундан ташқари, муз ва қор 90 фоизгача қуёш нурларини қайтаради — бундай ҳимоя қатлами бўлмаса, сайёра ҳам тезроқ қизийди.

Қолаверса, муз эриши бутун бошли экотизимларни ўзгартиради: ҳатто оқ айиқ ҳам йўқолиб кетиши мумкин. Музликлар чучук сувнинг жуда катта захираларидир, шунинг учун уларнинг эриши сув танқислигини келтириб чиқаради. Айнан шу сабабдан Бирлашган Миллатлар ташкилоти 2025 йилни “Халқаро музликларни сақлаб қолиш йили” деб эълон қилди.

Meduza нашри ғоят гўзал, аммо йилдан йилга камайиб бораётган музликлар суратларини жамлади. Тасвирлар 2024 йилда олинган.

Антарктика

Антарктика музликларида Ер юзидаги барча чучук сувларнинг 61 фоизи йиғилган. Бироқ 2023 йилда денгиз музликлари майдони сунъий йўлдош кузатувлари бошланган 1979 йилдан бери энг паст кўрсаткичга тушди. Денгиз музликларининг майдони Буюк Британия, Франция, Германия ва Испания давлатларининг умумий майдонига тенг келадиган ҳудудга қисқарди.

Антарктика, 2024 йил феврал Фото: Sebnem Coskun / Anadolu Agency / Getty Images
Антарктидадаги Кинг-Жорж ороли яқинидаги айсберг. Фото: Sebnem Coskun / Anadolu Agency / Getty Images
Шусмит музлиги. Фото: Sebnem Coskun / Anadolu Agency / Getty Images