Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Embreaer 190  ҳалокати қурбонларининг оила аъзолари билан учрашди. Учрашув давомида Алиев навбатдаги марта ҳодисада Россияни айблаб, Москвадан инсонийликка хос муносабат талаб қилди.

Озарбойжон президентининг сўзларига кўра, Грозний осмонини ёпиш бўйича операция самолёт ердан туриб ўққа тутилганидан кейин эълон қилинган.

«Табиийки самолётга ердан туриб ўқ узилган. Кундай равшан, учоқ радиоэлектрон воситалар билан бошқариб бўлмайдиган ҳолатга келтирилган. Лекин учоқ нега Оқтовга юборилган? Ҳозирча бу саволга жавобимиз йўқ», деган Алиев.

Озарбойжон лидерининг айтишича, учувчилар бу охирги парвози эканини тушунган, лекин шундай бўлса-да, имкон қадар кўпроқ одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳаракат қилган.

Рус тилидаги нутқ

Учрашув озар тилида ўтказилган, лекин орада Алиев рус тилида ҳам гапирган. Табиийки, Озарбойжон лидерининг бу гаплари Россия манзилига қаратилган. Алиевнинг сўзларига кўра, Озарбойжон қора қути МДҲ қошидаги офиси Москвада жойлашган Давлатлараро авиация қўмитаси томонидан очилишига кескин қарши бўлган. Шу боис қора қутини очиб, уни ўрганиш билан Эмбраер 190 ишлаб чиқарувчиси Бразилия шуғулланмоқда.

«Агар ҳалокатнинг дастлабки соатларидаёқ Россиянинг ҳолатни объектив ўрганишга интилишини кўрганимизда, балки «қора қути» давлатлараро авиация қўмитаси томонидан ўрганилишига рози бўлардик. Бу тизим доирасида ўн йиллар ҳамкорлик қилганмиз. Тизим собиқ СССР давлатлари ҳудудида авиаҳалокатларни ўрганиш билан шуғулланган ахир.

Лекин Россия томони ишни ёпти-ёпти қилишга, барча айбни қушларга ёки газбаллон портлашига ағдаришга интилаётганини кўриб, бу тизим ҳолатни объектив ўрганишига менда ва Озарбойжон жамиятида шубҳа пайдо бўлди.

Ҳозир қора қутини ўрганиш ишлари давом этмоқда. Умид қиламан, ўрганиш натижаларини билганимиздан кейин ҳаммаси ўз ўрнига тушиб, бўлиб ўтган ҳалокатнинг тўлиқ картинаси шаклланади», деди Алиев рус тилидаги нутқида. Озарбойжон президенти навбатдаги марта айбдорлар жазоланиши муҳим эканини таъкидлади.

Алиев Россия ҳалокат ҳақида абсурд версияларни илгари сураётганидан қаттиқ ранжигани, ҳақли тарзда ғазабланганини айтди. «Озарбойжон фуқаролари бу ҳалокатда қурбон бўлгани учун айб Россия вакиллари гарданида. Биз адолат таъминланиши, айбдорлар жазоланиши ва инсоний хатти-ҳаракатларни талаб қиламиз», деди Алиев.