Ўзбекистон президенти 2024 йил 27 декабр куни «Давлат сирлари тўғрисида»ги қонунни имзолади. Қонун имзоланганидан 3 ой ўтгач, 2025 йил 29 мартдан қонуний кучга киради.

Ҳужжатда давлат сирлари билан боғлиқ асосий тушунчаларга қуйидагича таъриф берилган:

  • давлат аҳамиятига эга бўлган сир ‒ ошкор этилиши Ўзбекистоннинг мудофаа қобилиятига, давлат хавфсизлигига, иқтисодий ва сиёсий манфаатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган маълумотлар;
  • давлат сирлари ‒ ошкор этилиши Ўзбекистоннинг хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлган давлат аҳамиятига эга сирни ва (ёки) хизмат сирини ташкил этадиган, давлат томонидан ҳимоя қилинадиган ва махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотлар;
  • хизмат сири — давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар фаолиятининг ҳар қандай соҳасига, шу жумладан ҳарбий, иқтисодий, сиёсий, илмий-техник, ишлаб чиқариш, разведка, контрразведка, тезкор-қидирув фаолиятига тааллуқли бўлган, ошкор этилиши ушбу ташкилотларнинг манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган маълумотлар. Хизмат сири давлат аҳамиятига эга бўлган сирнинг таркибий қисми бўлиши мумкин.

Давлат сирлари соҳасидаги ягона давлат сиёсати Ўзбекистон президенти томонидан белгиланади. Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси давлат сирлари соҳасидаги норматив-ҳужжатларни ишлаб чиқиш, тартиб-қоидаларни белгилаш каби ваколатлари бор. Ҳукумат, шунингдек, давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг давлат сирларини чет давлатларга, халқаро ташкилотларга ёки юридик шахсларга беришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаларини кўриб чиқади ва қарор қабул қилади.

Қонунга кўра, Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати давлат сирлари соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир. Қонунни ҳам ДХХ ишлаб чиққан. Махсус ваколатли давлат органи давлат сирлари билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш учун бошқа ташкилотларга рухсат беради, бу ташкилотларнинг соҳадаги фаолияти, махфийлик режими устидан назорат қилади. ДХХ давлат сирлари тўғрисидаги қонунчилик бузилиши билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олади, уларни аниқлайди, фош этади ва тергов қилади.