Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонликларнинг ёқилғи ва энергия нархларининг қимматлашишидан хавотирлари кескин ортган
Тадбиркорларнинг ҳам, аҳолининг ҳам ёқилғи ва энергия нархларининг ошиши, шунингдек, коммунал хизматларнинг қимматлашишидан хавотирлари ошган. Ҳудудлар кесимида аҳоли инфляцион кутилмаларининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (19,1 фоиз) ва Фарғона вилоятида (16,7 фоиз) кузатилган бўлса, энг паст кўрсаткич Андижон (12,4 фоиз) ва Хоразм вилоятида (12,7 фоиз) қайд этилган.
Марказий банк декабр ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари бўйича маълумотларни эълон қилди.
Унга кўра, аҳолининг инфляция бўйича йиллик кутилмалари 14,4 фоизни ташкил қилиб, ноябр ойига нисбатан 0,7 фоиз бандга ошган. Бу 2023 йилнинг январ ойидан бери қайд этилган энг баланд кўрсаткич.
Аҳоли келгусида нархлар ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди:
- ёқилғи ва энергия нархларининг қимматлашиши (57 фоиз);
- коммунал хизматларнинг қимматлашиши (56 фоиз);
- валюта курси ўзгариши (55 фоиз);
- транспорт харажатларининг ошиши ( 35 фоиз).

Декабр ойида келгусида нархларга босим ўтказиши мумкин бўлган асосий омил сифатида ёқилғи ва энергия нархининг қимматлашувини қайд этган респондентлар улуши кўпайган.
Тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари
Декабр ойи якунлари бўйича келгуси 12 ой учун нархлар ўсишига оид респондент тадбиркорлик субъектларининг кутилмалари 13,9 фоизни ташкил қилиб, ўтган ойга нисбатан 1,2 фоиз бандга ошган.
Бизнес вакиллари нархлар ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди:
- валюта курсининг ўзгариши (52 фоиз);
- коммунал хизматларнинг қимматлашиши (52 фоиз);
- ёқилғи ва энергия нархларининг қимматлашиши (49 фоиз);
- транспорт харажатларининг ошиши (34 фоиз).

Валюта курсининг ўзгаришини инфляцияга асосий сабаб бўлади деб ҳисобловчи тадбиркорларнинг улуши ҳам ошган.
Сўровномада қатнашганлар орасида энг юқори инфляцион кутилма ишлаб чиқариш (16 фоиз) соҳасида ишловчиларда кузатилган. Энг паст кутилмани маиший хизмат соҳаси вакиллари (12,2 фоиз) белгилаган. Тадбиркорлик субъектлари орасида энг пессимистик кутилма қурилиш (14,5 фоиз) соҳасига, энг оптимистик кутилма эса ташиш хизматлари (11,8 фоиз) соҳасига тўғри келган.

Ҳудудлар кесимида аҳоли инфляцион кутилмаларининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (19,1 фоиз) ва Фарғона вилоятида (16,7 фоиз) кузатилган бўлса, энг паст кўрсаткич Андижон (12,4 фоиз) ва Хоразм вилоятида (12,7 фоиз) қайд этилган. Ўз навбатида тадбиркорларнинг кутилмалари Тошкент (16,9 фоиз) ва Самарқанд вилоятларида (15,2 фоиз) баланд, Қорақалпоғистонда (11,5 фоиз) эса энг паст бўлган.

Даромадлари 15 млн сўм ва ундан юқори бўлган аҳолининг инфляцион кутилмалари республика бўйича энг юқори даражада шаклланган – 18,6 фоиз. Тошкент шаҳрида 17 фоиз ва ундан юқори инфляция кутаётганлар улуши 53 фоизга етган.

Мавзуга оид
10:26 / 27.12.2025
Ўзбекистонда энергия ресурслари ишлаб чиқариш кўрсаткичлари эълон қилинди
12:15 / 13.12.2025
“Сунъий қуёшдан тоза энергия олмоқчимиз” – Хитойдаги “Илм ороли”да ишлаётган ўзбек тадқиқотчиси
15:36 / 11.12.2025
Автомобил ювиш хизматлари нархи бир йилда қарийб 10 фоизга ўсди
18:54 / 11.11.2025