Қашшоқлик ва тенгсизликка қарши курашга ихтисослашган Oxfam халқаро нотижорат ташкилоти доллардаги миллиардерлар бойлиги қандай ўсиб бораётгани, уларнинг жамғарма манбалари, камбағаллар ва бойлар ўртасидаги тафовутга бағишланган ҳисоботини эълон қилди. Meduza ҳисоботдаги энг қизиқарли фактларни тақдим этди.
Oxfam ҳисоботидаги асосий фикрлар
Миллиардерлар ҳақида
2024 йилда бутун дунё бўйлаб миллиардерларнинг бойлиги 2023 йилга нисбатан уч баробар тезроқ ўсди ва 15 триллион долларга етди.
Охирги йил ичида дунёда миллиардерлар сони 204 нафарга кўпайди (2565 нафардан 2769 нафарга). Бу ҳафтасига 4 нафар янги миллиардер дегани.
Ҳар бир миллиардернинг бойлиги кунига ўртача 2 миллион долларга ошган. 10 нафар энг бой миллиардернинг бойлиги кунига 100 миллионга. Агар улар тўсатдан бойлигининг 99 фоизини йўқотса ҳам, барибир миллиардер бўлиб қолишади.
Триллионерлар ҳақида
Бир йил олдин Oxfam дунёда 10 йил ичида биринчи триллионер пайдо бўлишини башорат қилган эди. Аммо агар энг бадавлат кишиларнинг бойлиги ҳозиргидек тез ўсишда давом этса, 10 йилдан кейин дунёда бир эмас, беш нафар триллионер бўлади.
Дунёнинг энг бой одамлари биринчи триллионер бўлиш учун энг катта имкониятга эга: Tesla ва SpaceX бош директори Илон Маск, Amazon асосчиси Жефф Безос, Meta асосчиси Марк Цукерберг, Oracle асосчиси Ларри Эллисон ва LVMH раҳбари Бернард Арно ва унинг оиласи. Ҳозир 400 млрд доллар давлатга эга Маск триллионга биринчи бўлиб етишиши мумкин. Oxfam ҳисоб-китобларига кўра, бунинг учун унга беш йилдан камроқ вақт керак бўлади.
Энг бойларнинг давлати манбалари ҳақида
Ҳисоб-китобларга кўра, дунёдаги миллиардерлар бойлигининг 36 фоизи мерос бўлиб қолган, 18 фоизи маълум бир соҳадаги монополия асосида юзага келган, 6 фоизи эса ҳукумат билан алоқалар натижасидир.
Дунёнинг 30 ёшгача бўлган барча миллиардерлари ўз бойлигини мерос қилиб олган. Мерос бойлиги энг кўп бўлган минтақа Лотин Америкаси ҳисобланади.
















