Жаҳон | 13:46 / 22.01.2025
2797
2 дақиқада ўқилади

Украина Воронеж областидаги нефт омборига қилинган ҳужумни тасдиқлади

"Лискинская" нефт базасига бир ҳафта ичида иккинчи марта уюштирилган ҳужум натижасида ёнилғи-мойлаш материаллари бўлган цистерналар зарар кўрган, дея маълум қилди Украина Бош штаби.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Украина Қуролли кучлари бош штаби 21 январ, сешанбага ўтар кечаси Воронеж областидаги "Лискинская" нефт базасига Украина учувчисиз учоқлари томонидан қилинган ҳужумни тасдиқлади. Бош штабнинг Facebookʼдаги расмий баёнотида таъкидланишича, "Роснефт"га тегишли энергия иншоотига бир ҳафта ичида иккинчи марта уюштирилган ҳужум натижасида ёнилғи-мойлаш цистерналари зарар кўрган.

Бундан ташқари, Украина Қуролли кучлари бош штаби Смоленск авиация заводига учувчисиз учоқнинг муваффақиятли зарбаси ҳақида хабар берди. Авиазаводда Украина ҳарбийларига кўра, жанговар самолётлар ишлаб чиқариш инфратузилмаси шикастланган.

Аввалроқ Россия расмийлари ва оммавий ахборот воситалари Украина учувчисиз учоқлари 21 январга ўтар кечаси Россия Федерациясининг олти минтақасига ҳужум қилгани ҳақида хабар берган эди. Смоленск ва Воронеж областларидан ташқари Ростов, Саратов, Белгород ва Брянск областларида ҳам зарбалар кузатилди. Қозон ва Уляновск аэропортларида «Ковер» режаси — учувчисиз учоқ ҳужуми эҳтимоли туфайли самолётларнинг учиши ва келишига чекловлар жорий этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид