Жаҳон | 00:30 / 23.01.2025
5113
2 дақиқада ўқилади

Туркиядаги меҳмонхонада юз берган ёнғин иши бўйича яна икки мансабдор ҳибсга олинди

Сўнгги маълумотларга кўра, Grand Karta меҳмонхонасида содир бўлган ёнғин қурбонлари сони 79 нафарга етган. Ҳолатни тергов қилиш доирасида жами 11 киши қўлга олинган.

Фото: Anadolu

Туркиянинг Болу шаҳридаги Grand Karta меҳмонхонасида содир бўлган ёнғин иши доирасида шаҳар мэри ўринбосари Седат Гуленер ва ўт ўчириш хизмати бошлиғи ўринбосари Кенан Жошкун ҳибсга олинди, деб хабар беради Anadolu Ajansi.

Туркия адлия вазири Йилмаз Тунчнинг маълум қилишича, ёнғин бўйича тергов доирасида жами 11 киши ушланган. Улар орасида Болу мэри ўринбосари, Болу ўт ўчириш хизмати директори ўринбосари, меҳмонхона эгаси, бошқарувчиси, компания бош директори ва меҳмонхона директори ҳам бор. Ўт ўчириш ва қидирув-қутқарув ишлари якунланган.

Сўнгги маълумотларга кўра, ёнғин оқибатида жами 79 киши ҳалок бўлган. ДНК-тестлар ёрдамида 56 кишининг шахсига аниқлик киритилган. Болудаги тоғ-чанғи курортида жойлашган Grand Kartaл меҳмонхонасининг ресторан қисмида 21 январ куни ёнғин юз берганди. Бу вақтда бино ичида 237 киши бўлган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған қурбонларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди. Мамлакат ҳукумати 22 январни миллий мотам куни деб эълон қилди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия президентига фожиа муносабати билан таъзия йўллади.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид