28 январ куни Россиянинг юқори мартабали мулозимлари делегацияси Башар Асад режими ағдарилганидан буён илк марта Сурияга келди. Унинг асосий мақсади мамлакатнинг янги ҳукумати билан иккита йирик ҳарбий объект — Тартусдаги ҳарбий-денгиз порти ва Латақия шаҳри яқинидаги Ҳмеймим авиабазасини Россия назоратида қолдириш бўйича келишиш эди. Музокаралар якунларига кўра Россия вакиллари «вазият оғирлиги»ни айтишмоқда.

Дамашққа Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов ва Россия президентининг Сурия бўйича махсус вакили Александр Лаврентев учиб келган. Бундан ташқари, Россия делегацияси таркибидан Бирлашган дон компанияси (United Grain Company) ҳамда «СТГ Инжиниринг» компанияси вакиллари ҳам ўрин олган.

Суриянинг янги ҳукумати томонидан музокараларда вақтинча ҳукумат маъмурияти раҳбари Аҳмад аш-Шаръа, ташқи ишлар вазири Асаад аш-Шибаний ва соғлиқни сақлаш вазири Моҳир аш-Шаръа иштирок этди, деб хабар берган журналистларга Богданов.

Дипломатнинг сўзларига кўра, уч соатга яқин давом этган музокаралар конструктив руҳда ўтган, Россия делегацияси унинг давомида Суриянинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган.

Богданов учрашувда савдо-иқтисодий алоқалар ҳам муҳокама қилинганини қайд этган: хусусан, Россия томони Сурия инфратузилмаси ривожига ҳисса қўшгани ва буни давом эттиришга тайёрлигини эслатган.

«Умуман олганда, учрашув конструктив руҳда ўтди, унда яхши муҳит ҳукм сурди. Аммо биз вазият қанчалик оғир эканини тушунамиз», — дея Богдановнинг сўзларини келтирган «Интерфакс».

«Ўтмиш хатоларини тўғрилаш»

Делегация ҳал қилишни кўзлаган асосий масала — Россиянинг Ҳмеймим авиабазаси ҳамда Тартус ҳарбий-денгиз портидаги мавжудлигини сақлаб қолиш — ҳал қилинмай қолган.

«Ҳозирча ҳеч нарса ўзгармади. Бу масала қўшимча музокараларни талаб этади. Ҳамкорлигимизнинг ҳар бир йўналиши бўйича чуқурроқ маслаҳатлашувларни давом эттиришга келишиб олдик», — деган Богданов.

У Россия томони Сурияда ҳам, Россияда ҳам контактларни давом эттиришга тайёрлиги ва «агар шундай истак бўлса», Сурия ташқи ишлар вазирини Москвада қабул қилишга тайёрлигини таъкидлаган.