Декабр ойи бошида Асад режими қулаганидан кейин россиялик ҳарбийларнинг транспортлари колонналари Суриянинг ҳар тарафидан шимолга, Тартус порти томон ҳаракатланаётгани акс этган кадрлар тарқалганди. Кейинроқ олинган сунъий йўлдош тасвирлари эса ҳарбий техникалар Тартусда тўпланиб турганини кўрсатди.
Planet Labs томонидан 29 январ куни олинган янги тасвирларда эса эндиликда портдаги қурол ва техникаларнинг катта қисми ғойиб бўлганини кўриш мумкин — шу кунларда Россия мудофаа вазирлигига алоқадор ҳарбий кемалар Тартусни тарк этганди.
Бу Кремлнинг Дамашқдаги янги ҳукумат билан «очиқ» музокаралари фонида рўй берди.
Бу музокаралар Суриядаги ўтиш даври ҳукумати порт ижараси бўйича Россия билан келишувни бекор қилгани ҳақидаги хабарлар ортидан бўлиб ўтди. Аммо ҳукумат вакиллари ҳозирча бу борада якуний қарор қабул қилингани ҳақида расмий хабар бермаган.
Тартус сўнгги йилларда Россия учун Ўрта Ер денгизидаги муҳим база бўлиб келганди — бу ерда кемаларга ёқилғи қуйиш, захиаларни тўлдириш ва кемаларни таъмирлаш мумкин эди. Аммо илгари портда турган ҳарбий кемалар Асад режими қулаганидан кейин олинган сунъий йўлдош тасвирларида кўринмайди.
Кремл порт устидан назоратни сақлаб қолишга уринди ва декабрда Россиянинг Тартусдаги мавжудлиги бўйича Суриянинг янги ҳукумати билан музокаралар олиб борилаётгани маълум бўлганди.
Аммо, афтидан, Москва энди нисбатан энг қимматбаҳо қурол-аслаҳаларини Тартусдан олиб кетишга қарор қилган. Сунъий йўлдош тасвирларида Россия охирги бир неча ҳафта мобайнида Ҳмеймим авиабазасидан ҳам ўз қурол ва техникаларини олиб кетганини кўрсатган.
Денгиз кузатув хизмати маълумотларига кўра, иккита кема — «Спарта» ва «Спарта II» Тартус портига 21 ва 22 январ кунлари лангар ташлаган. Уларнинг иккиси ҳам «Оборонлогистика» МЧЖга тегишли — бу Россия мудофаа вазирлигига ишлайдиган ҳамда АҚШ санкциялари остидаги компаниядир. Украина маълумотларига кўра, улар Россия қуролларини ташиш билан шуғулланади. Бу кемалар транспорт воситаларини таший олади.
MarineTraffic сайтига кўра «Спарта II» Тартус портини 27 январ, душанба куни тарк этган. Сунъий йўлдош тасвирида кўриш мумкинки, портда бунгача кўплаб ҳарбий техникалар жойлаштирилганди, энди эса улар қолмаган.





















