Жаҳон | 12:51 / 01.02.2025
1339
3 дақиқада ўқилади

Германия Бундестаги миграцияни чекловчи қонун лойиҳасини рад этди

Германия парламенти - Бундестаг кўпчилик овоз билан ХДИ ва ХСИ консерваторлари томонидан таклиф қилинган иммиграция қонунчилигини қатъийлаштиришга қарши овоз берди.

Фото: Political-Moments/IMAGO

Германия Бундестаги Германиянинг иммиграция қонунчилигининг тубдан қатъийлаштиришга қарши чиқди. Қонун лойиҳаси 31 январ, жума куни атиги 338 нафар парламентарий томонидан қўллаб-қувватланди. Шу билан бирга, 350 депутат қарши овоз берди, беш нафар депутат бетараф қолди.

Баҳсли қонун лойиҳаси бўйича овоз беришдан олдин Бундестаг сессияси ХДИ/ХСИ фракцияси ижрочи котиби Торстен Фрейнинг илтимосига биноан 30 дақиқага қолдирилди. Баҳс аввалида у ўз позициясини фракция доирасида маслаҳатлашувлар ўтказиш нияти билан асослади. Бироқ бир неча партия фракциялари етакчилари ХДИ раиси Фридрих Мерц билан музокара ўтказишга қарор қилгани сабабли танаффус деярли икки соатга узайтирилди.

«Учинчи мамлакатлардан ноқонуний мигрантлар оқимини чеклаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида, агар немис полицияси ўз масъулияти ҳудудида бундай шахсларга дуч келган тақдирда, федерал полиция Германия ҳукумати томонидан мамлакатни тарк этишга буйруқ берилган чет элликларни чиқариб юбориши мумкинлиги кўзда тутилган. Бундан ташқари, ХДИ/ХСИ блоки кейинги огоҳлантирилгунга қадар қўшимча ҳимоя ҳуқуқига эга бўлган шахслар билан оилаларни бирлаштиришни тўхтатиш ниятида эди. Ҳозирда бундай қайта бирлашиш учун квоталар ойига минг кишини ташкил этади.

Шолц Германияда бошпана олиш ҳуқуқини чекламасликка чақирди

Германия канцлери Олаф Шолц иммиграция қонунларидаги чекловлар бўйича огоҳлантирди. «Бошпана олиш ҳуқуқи бизнинг ҳуқуқий ва қадрият тизимимизнинг ажралмас қисмидир. Биз уни бузишга ҳаққимиз йўқ», деди у 29 январ куни Бундестагда миграция сиёсати мавзусидаги ҳукумат баёнотида.

Федерал ҳукумат раҳбари Германияда бошпана олиш ҳуқуқи «шунингдек, нацистлар ҳукмронлиги даҳшатларига тўғридан тўғри жавоб» эканлигини, зўравонлик, уруш ва террордан ҳимоя қилиш ҳамда инсонпарварлик ва адолат ифодаси эканлигини эслатиб ўтди. Шу билан бирга, «бошпана олиш ҳуқуқига эга бўлганлар ва у тегишли бўлмаганлар ўртасида аниқ фарқ бўлиши керак», деди у.

Мавзуга оид