1970-йиллар бошларида Россиядаги шаҳарларнинг бирида қора танли бола туғилади. Аёл Африкага бормаган, ҳатто умрида қора танли одамлар билан мулоқот қилмаганди. Бироқ эр унга ишонмайди. Бу орада аввал аёлнинг жонига қасд қилинади, бироқ у тирик қолади. Сўнг аёлга доялик қилган врач ва акушер ўлдириб кетилади.

1970-йиллар бошларида Россиянинг Калуга шаҳрида содир бўлган жиноят иттифоқ даврида катта шов-шувларга сабаб бўлади. Ўшанда ўзининг ҳайдовчисини севиб қолган аёл қотил ёллаб икки кишининг умрига зомин бўлади.

Барчаси 1971 йилда Калуга шаҳрида жойлашган туғуруқхонадаги ғалати ишдан бошланади. Шу шаҳарда яшовчи Маринанинг ой-куни яқинлашади ва туғуруқхонага ётқизилади. Бир неча кундан сўнг унинг кўзи ёрийди.

Аёл туғуруқ пайтида ҳушидан кетади ва боласини кўра олмайди. Марина ҳушига келганда врач ва акушер аёл унинг қўлига қора танли чақалоқни тутқазади.

Хотини қора танли чақалоқ туғганини эшитган Игор ҳам ҳайрон қолади ва Маринадан шубҳаланади. Бироқ аёл Африкага бормаган, ҳатто умрида қора танли одамга дуч келмаган эди. Аммо Игор хотинидан шубҳаланишда давом этади.

Бу ишдан энг кўп ажабланган одам Маринанинг ўзи эди. Чунки у эрига хиёнат қилмаган, шу сабабли боласи нега қора танли бўлиб туғилганига ақли бовар қилмасди.

Туғуруқхонадаги врач унга қандайдир ген ҳақида гапиради. Унга кўра агар Марина ёки эрининг аждодлари орасида қора танлилар ўтган бўлса, ген туфайли уларнинг боласи ҳам қора танли бўлиб туғилиши мумкин.

Аёл врачнинг гапига ишонади. Бошқа тарафдан эса сап-сариқ тусда бўлган Игор ва Марина ўз аждодлари орасида қора танлилар бўлганига ақли бовар қилмайди.

Фото: dzen.ru

Маринага ҳужум

Кунлар шу тахлит шубҳалар остида ўтар экан, Игор бунга чидай олмайди ва аразлаб ота-онасининг олдига кетиб қолади. Эр ва хотин алоҳида яшай бошлашади.

Марина Калуга кўчаларида боласини аравачага солиб сайр қилиб юрар экан, бошқа аёллар унга ғалати қарашарди. Чунки ўша пайтда совет жамиятида бу иш ноёб ҳисобланарди.