2025 йил 31 январь куни «Давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2025 йил 1 мартдан давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтлари ва порталлари фаолиятини фақатгина Ўзбекистон Республикаси ҳукумати портали – www.gov.uz'да йўлга куйиш, юритиш, улардаги ахборот долзарблиги ва хавфсизлигини таъминлаш белгиланмоқда.
“UzINFOCOM” ягона интегратори – давлат органларининг Ягона платформага ўтказиладиган веб-сайтлари фаолиятини техник қўллаб-қувватлаш хамда уларга хизмат кўрсатиш бўйича ташкилотлар билан шартнома тузади. Харажатлар мазкур давлат органларининг бюджетдан ташқари маблағлари, бюджет маблағлари хамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади. Қарорга кўра, хизмат кўрсатишдан тушадиган маблағлар Ягона платформани такомиллаштириш, техник қўллаб-қувватлаш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун йўналтирилади.
Давлат ташкилотлари, вазирлик ва идоралар расмий веб-сайтини Ягона платформага ўтказилганидан сўнг бир ҳафта муддатда эски расмий веб-сайтлар домен манзилларини, веб-сайт ва ундаги маълумотларни сақлаб қолган холда, Ягона платформадаги расмий веб-сайтлар манзилига йўналтиради ёки уларнинг фаолиятини тўхтатади. Масалан, Адлия вазирлигининг расмий сайти: adliya.uz – https://gov.uz/adliya га ўзгаради.

Ҳукумат қарорига кўра, ДХХ ҳузуридаги «Киберхавфсизлик маркази» ДУК Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда Ягона платформани ҳар олти ойда беғараз асосда киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказиб боради хамда киберхавфсизликни бўйича таъминлаш доимий мониторингни амалга оширади. UzINFOCOM бир ой муддатда Ягона платформани «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг дата марказига жойлаштиради ҳамда уни ахборот хавфсизлиги талаблари даражасида захира нусха яратади.
Қарорга илова қилинган низомда ҳукумат порталида жойлаштириладиган ахборотни давлат органлари томонидан тақдим этиш тартиби ҳам келтирилган. Унга кўра, UzINFOCOM ҳукумат порталини юритишга масъул ҳисобланади, шу билан бирга давлат органларни ахборот хизматлари расмий веб-сайтга жойлаштириш учун тегишли маълумотларни ички ҳужжатларда белгиланган муддатларда унга тақдим этиши шартлиги белгиланмоқда.








