Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизмати раҳбарини лавозимга тайинлашни АОКА билан келишиш, уларни аттестациядан ўтказиш ҳамда иш самарадорлигини баҳолаш тартиби тасдиқланди.
Лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш
Республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ахборот хизмати раҳбарлари Агентлик билан келишилган ҳолда, ҳудудий даражадаги раҳбарлар ҳудудий бошқармалар билан келишилган ҳолда лавозимига тайинланади.
Келишиш учун битта ёки бир нечта номзодлар тақдим этилади. Бунинг учун уларнинг ҳар бири бўйича қуйидаги ҳужжатлар топширилади:
• давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг тақдимномаси;
• номзоднинг анкетаси;
• олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг ёхуд хорижий таълим муассасасида олинган олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш тўғрисида гувоҳноманинг нусхаси.
Ушбу ҳужжатлар ЭРИ билан тасдиқланган ёки «PDF» (portable document format) форматида жўнатилади. Ҳужжатлар қайтарилмайди.
Лавозимга тайинлашни келишиш масаласини кўриб чиқишда номзод билан ахборот хизматлари фаолияти соҳасига доир суҳбат ўтказилади. Суҳбатни тегишлича Агентлик директори томонидан, ҳудудий бошқармаларда эса бошқарма бошлиқлари томонидан камида 5 кишидан иборат таркибда тасдиқланадиган комиссиялар ўтказади. Агентликда директорнинг ўринбосари, ҳудудий бошқармаларда бошқарма бошлиқлари комиссияга раислик қилади. Комиссия ишида аъзоларнинг камида ярми иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.
Лавозимга тайинлашни келишиш ҳужжатлар тақдим этилган санадан бошлаб 15 кун ичида амалга оширилади. Тақдим этилган ҳужжатларда камчиликлар аниқланмаса, номзодни тавсия этган давлат органи ва ташкилотига суҳбат ўтказилишидан камида 5 кун олдин суҳбат ўтказиладиган кун, вақти ва жойи ҳақида хабар берилади. Суҳбатга кела олмайдиган номзодлар бу ҳақда олдиндан хабар қилишлари лозим, бунда номзодлар комиссиянинг навбатдаги йиғилишида суҳбатга қўйилади.
Тақдим этилган ҳужжатларда камчиликлар мавжудлиги аниқланган тақдирда, бу ҳақда 5 кун ичида номзодни тавсия этган давлат органи ва ташкилотига хабар юборилади. Камчиликлар бартараф этилган ҳолда такроран ҳужжатларни тақдим қилиш лозим.







