Вазирлар Маҳкамасининг “Ички ишлар органлари ахборот хизматлари фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг:

Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси (ИИВ Ахборот хизмати), Вазирликнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларидаги мавжуд ахборот хизматлари, мультимедиа марказлари, матбуот ва медиа гуруҳлари ҳамда бирлашган таҳририяти ягона “Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати” (ИИО ахборот хизматлари) сифатида фаолият юритиш;

“Postda-На посту” газетаси ва “Qalqon-Щит” журнали бирлашган таҳририяти” давлат унитар корхонаси негизида ИИВ Ахборот хизмати таркибига кирувчи давлат унитар корхонаси шаклидаги “Ўзбекистон Республикаси ИИВ Масс-медиа бирлашган таҳририяти” (ИИВ Масс-медиа)ни ташкил этиш;

ИИВ Масс-медиа таркибида “IIV Axborotnomasi-Вестник МВД-Bulletin of the MIA” илмий-амалий журнали, “Xalq xizmatida” радио канали ҳамда “Qalqon” киностудияси таҳририятларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.

Қуйидагилар ИИО ахборот хизматларининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

ИИО фаолияти ҳамда жиноятчиликнинг аҳволи ҳақида оммавий ахборот воситалари (ОАВ), ижтимоий тармоқлар, ИИОнинг расмий веб-сайтлари, шунингдек, бошқа ахборот ресурслари орқали, шу жумладан, матбуот анжуманлар, брифинглар, медиатурлар ташкил этиш йўли билан аҳолига мунтазам, тўлиқ ва тезкор равишда ахборот тақдим этиб бориш;

медиа макони мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш, танқидий ва кенг муҳокама қилинаётган ахборот хуружларига тезкор муносабат билдириш, ОАВ ва Интернет тармоғида ИИО фаолиятига алоқадор ахборотларни кенг жамоатчиликка тарқатиш ва етказиш ишларни ташкил қилиш;

маҳаллий ва хорижий ОАВ орқали тарқатиш учун хабар, маълумот ва бошқа ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш;

ИИОнинг ижобий имижини шакллантириш ва илгари суриш, ижтимоий сўровлар ўтказиш, ИИОнинг фаолияти тўғрисида жамоатчилик фикрини, миллий ва хорижий ОАВ позициясини ўрганиш, долзарб таклифлар ишлаб чиқиш ва улар тўғрисида ИИО раҳбариятига ахборот бериб бориш;

ИИОнинг ваколатига кирувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари ҳамда уларнинг тасдиқланган матнларини белгиланган тартибда ИИВнинг расмий веб-сайтларида жойлаштириш;