3 феврал куни Москвадаги «Алые Паруса» турар жой биносида портлаш содир бўлгани ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Ҳодиса оқибатида жиноят олами вакили Армен Саркисян ҳалок бўлган. YouTube каналимиздаги навбатдаги видеода ҳодиса нимаси билан аҳамиятли эканига тўхталамиз.
Москвага борганлар яхши билишади, «Алые Паруса» Москва дарёси бўйида қурилган, «Спартак» стадионидан сал нарида жойлашган бу комплекс шаҳардаги энг кўркам турар жой биноларидан. Москва шундоғам қиммат шаҳар, бу бино эса Россия пойтахтидаги кўп қаватли уйлар орасида ҳам энг элитларидан.
Комплекс яхшигина қўриқланади, оддий одам портловчи моддани бемалол олиб кириб портлатолмайди. Мана шундай қимматбаҳо уй подъездида портлаш бўлиб, Россиядаги урушда фаол қатнашаётган криминал авторитет ҳалок бўлдими, демак бу воқеани эътибордан четда қолдириб бўлмайди.
Донбасслик армани
Армен Саркисян асли Арманистонда туғилган, лекин болалигида унинг оиласи Украинанинг Донецк областидаги Ҳорливка шаҳрига кўчиб кетган. 90-йилларда Ҳорливкадаги жиноий тўдаларга қўшилган Армен тадбиркорлик билан шуғулланади. 2000-йилларда эса жиноят оламига таъсир кўрсата оладиган авторитетга айланади. Жиноят оламида Армен Горловский номи билан танилади. У етакчисига айланган жиноий тўдалар спиртли ичимликлар савдоси, такси бизнесини бошқарган. Украин нашрларига кўра Россиядаги жиноий тўдалар билан бирга наркотик савдосига ҳам кирган.
Бу жиноят олами вакили Украинанинг собиқ президенти, 2014 йилги давлат тўнтаришидан кейин Россияга қочган Виктор Януковичга яқин одам деб қаралади. 2010 йил Янукович иккинчи уринишда Украина президентига айлангач, Армен Горловский президентнинг дўсти Юрий Иванюшченко орқали Украина ИИВ раҳбарияти билан алоқа ўрнатади. Кейинчалик Донбассдаги кўмир савдосини назоратга олган. Бу эса жуда катта пулга бошлиқ бўлди дегани. Ахир Донбасс сўзининг кенгайтмаси «Донецкий угольний бассейн» дегани, яъни Донецк кўмир ҳавзаси. Горловскийнинг Донбассда шунчалик таъсир доираси катта бўладики, журналистлар уни маҳаллий кулранг кардинал деб аташади.
Якуновичнинг ағдарилиши билан тугаган Евромайдан воқеалари эса Армен Горловскийни сиёсий даражага олиб чиқади. У Донбассдаги айирмачиларни қўллаб, майданни бостириш учун одам ёллайди. Янукович ағдарилгач, янги ҳукумат Армен Горловскийни қидирувга беради. Ўшандан буён криминал авторитет Россияда ёки Донбасснинг Киев назорат қилмайдиган ҳудудларида яшаб келади.
Армен Саркисян ёки Армен Горловский Россияда ҳам тадбиркорлик билан шуғулланади. Хусусан, уй қуриб сотади, тамаки савдоси билан шуғулланади. Аммо булар унинг ўлими ҳақида видео қилишимиз учун сабаб бўлолмайди. Кейинроқ у Россия ҳаётида муҳим бир босқичда қатнашади...














