Хитойда йўл ҳақини юзни сканер қилиш орқали тўлаш мумкин бўлса, Чехия жамоат транспортида битта чипта орқали бир неча сафарни амалга ошириш имконияти мавжуд. Лондонда 11 ёшгача бўлган болалар, кекса одамлар ва ногиронлиги бор шахсларга автобуслардан фойдаланиш мутлақо бепул. Kun.uz дунё мамлакатларининг айримларида жамоат транспортидан фойдаланиш қоидалари ва йўлкирани тўлаш усуллари ҳақидаги маълумотларни бир саҳифага жамлади.

Хитой

Бу мамлакатда автобусга тўлов қилиш учун телефон ёки картадан фойдаланиш ва ҳатто қўлингизни ҳаракатга келтиришга ҳам ҳожат қолмаган. Тўловлар юзни таниш тизими (face-ID) орқали амалга оширилади. Бунинг учун йўловчи белгиланган сайтда рўйхатдан ўтиб, картани ўз ҳисобига улайди. Ундан кейин бекатга кираверишдаги экранга яқинлашиб, юзини сканерлайди, 5G тармоғи орқали ишлайдиган тизим шахсни дарҳол танийди ва боғланган ҳисобдан пул ечиб олади. Мобил тўловлар WeChatPay ёки Alipay иловалари орқали амалга оширилади. Тизимда нақд пул деярли қўлланмайди.

Хитойда бўйи 120 смдан паст бўлган болалардан чипта сўралмайди, улар учун йўлкира бепул. Автобусларда кондукторлар фаолияти ҳали ҳам мавжуд.

Пекинда автобус нархи масофалар ҳисобида баҳоланади, 10 км узоқликдаги автобусда ҳаракатланиш 2 юан (3 540 сўм), 10 кмдан ортиқ масофани босиб ўтиш учун ҳар бир 5 кмга 1 юан (1 770,21 сўм)дан қўшиб ҳисобланади. Шаҳар ҳудудида фойдаланишда Пекин жамоат транспорти картаси – Yikatong учун 50% , талаба картасига 75% чегирма мавжуд