Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
ҲАМАСдан Трамп таҳдидларига раддия
ҲАМАС АҚШ президенти Доналд Трампнинг «чинакам дўзах» яратиш таҳдидини қабул қилмаслигини маълум қилди. Трамп Ғазодаги қолган исроиллик асирлар 17 февралга қадар озод этилмаса, Ғазога ҳужумлар давом этиши ултиматумини қўйган эди.
ҲАМАС вакили Сами Абу Зуҳрий шундай деди: «Трамп шунга эътибор бериши керакки, орада сулҳ битими бор ва унга икки томон ҳам риоя қилиши шарт. Бу – асирларни қайтаришнинг ягона йўли».
Аввалроқ ҲАМАС Исроилни сулҳ шартларини бузишда айблаб, уч нафар исроиллик асирни озод этишни кечиктиришини маълум қилган эди. Унинг таъкидлашича, Исроил Ғазодаги муҳожирларга ёрдамга мўлжалланган вақтинча уйлар ва ҳуманитар ёрдам киритилишига тўсқинлик қилмоқда.
Сулҳнинг иккинчи босқичи — барча қолган асирларни озод қилиш ва ўт очишни тўлиқ тўхтатишни назарда тутади. Агар март ойига қадар бу борада келишувга эришилмаса, уруш яна давом этиши мумкин.
Ҳусийчилар сулҳ бузилса Исроилга ҳужум қилмоқчи
Ямандаги ҳусийчилар ҳаракати Исроил ва унга боғлиқ кемаларга ҳужумларни қайта бошлашини маълум қилди. Ҳаракат етакчиси Абдулмалик ал-Ҳусий телевидение орқали чиқиш қилиб, агар Бинямин Нетаняҳу ҳукумати Ғазодаги сулҳни бузса, ҳужумлар қайта бошланишини айтди.
Ҳусийчилар 2023 йил ноябридан бошлаб Қизил денгиз ва Адан кўрфазида 100 дан ортиқ ҳужумлар уюштирган. Бу ҳужумлар асосан Исроил билан боғлиқ кемалар ва Боб-ул-Мандаб қўлтиғи — Европани Осиё билан боғловчи стратегик йўлакка қаратилган эди.
Январ ойида ҳусийчилар Ғазодаги сулҳ ва асирларни алмашиш жараёни муносабати билан ҳужумларни вақтинча тўхтатган. Бироқ агар Нетаняҳу ҳукумати сулҳни бузса, ҳусийчилар ҳужумларни яна бошлашини маълум қилди.
Туркиянинг халқаро обрўйи ортиб бормоқда
Мюнхен хавфсизлик ҳисоботида Туркияга нисбатан ижобий муносабат кучайиб, АҚШ ва Исроилга бўлган ишонч пасайгани қайд этилди.
Мюнхен хавфсизлик анжумани олдидан эълон қилинган ҳисобот 11 мамлакат фуқаролари ўртасидаги сўровларга асосланган. Унга кўра, Туркияга иттифоқчи сифатида қарайдиганлар сони бу мамлакатни таҳдид деб билишдан кўра кўпроқ. Германия, Буюк Британия ва Италияда ижобий муносабат 8-11 фоизга ўсган.















