Сиёсий лексиконда инглизча “deep state”, русча “глубинное государство” деган атама тез-тез учрайдиган бўлиб қолди. Бу тушунчани ўзбек тилига “яширин давлат”, “соядаги кучлар, “кўринмас бошқарув” деб таржима қилиш мумкин.
“Deep state” жумласи биринчи марта 1997 йилда АҚШда чиқадиган, энг кўп тиражга эга газета ҳисобланмиш New York Times'даги мақолада ишлатилган. Мақола Туркия Республикасига бағишланган эди.
Мақолада Туркиядаги “яширин давлат” ҳодисаси ҳақида гап кетади, мамлакатни сайланган бош вазир, президент ва депутатлар эмас, балки ҳарбийлар ва махсус хизматлар бошқариши айтилади. Туркия Конституциясига кўра, давлатни демократик институтлар ва халқ томонидан сайланадиган мулозимлар бошқариши керак. Лекин, мақола муаллифига кўра, охирги сўзни ҳарбийлар ва махсус хизматлар айтади, президент ва бош вазирнинг уларни тийиб туришга, ўзига бўйсундиришга қурби, қудрати етмайди.
Шундай кейин “яширин давлат” атамасининг ишлатилиш сарҳади фақат кенгайиб борди.
“Яширин давлат” деганда, давлатнинг яширин қисми назарда тутилмайди. Мисол учун, ҳар қандай давлатда махсус хизматлар, куч ишлатар тизимлари бўлади. Лекин давлатчиликка кўра, бундай структураларнинг бўлиши ва маълум даражада жамиятдан яширин бўлиши – бу табиий ҳолат.
“Яширин давлат” – бу сиёсий кучларнинг яширинча, орқаваротдан ишлаши, оммага кўринмасдан катта ишлар ва лойиҳаларни амалга ошириши, жараёнларни ўзлари истаган ўзанга бура олиши ҳисобланади.
“Яширин давлат” назариясига кўра, депутатлар, сенаторлар, вазирлар ва давлат раҳбарлари – яширин сиёсий кучларнинг қўлида қўғирчоқ бўлади ёки ваколати чекланган бўлади.
“Яширин давлат” тушунчасининг яна бир таркибий қисми – бу расмий давлат органларининг президент ёки бош вазир сиёсатини саботаж қилиши, ўзларининг мустақил сиёсий курсига эга бўлишидир.
“Яширин давлат” атамаси бир вақтлар демократик бўлмаган, ҳарбийлар ва махсус хизматларнинг нолегитим таъсири юқори бўлган Туркия, Покистон, Миср каби давлатларга нисбатан ишлатилар эди. Бугун эса бу атама ҳар қандай давлатдаги маълум сиёсий кучларнинг табиатини ифодалаш учун ҳам ишлатилмоқда.
Мисол учун, ҳар қандай жамиятда Конституция ва расмий сиёсий ўйин қоидаси доирасида ифодаланмаган жуда катта капитал эгалари, сиёсий манфаатлар гуруҳлари бўлади. Табиийки, бундай шахслар ва гуруҳлар, ўзларининг манфаатларини ҳимоя қилиш ва ошириб бориш учун, маълум лойиҳаларни амалга оширади, ва кўпинча, яширин ҳолда фикрлагани ва ишлагани учун ҳам, уларга нисбатан “яширин давлат” атамаси ишлатилиши кузатилади.















