15 феврал куни ИИВ Жазони ижро этиш департаментининг Олмалиқ шаҳридаги 14-сонли жазони ижро этиш колониясидан 21 ёшли маҳкум Муҳаммадқодир Пўлатовнинг жасади чиқди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Facebook саҳифасида маълум қилди.
«Газета.uz» мазкур ҳолат бўйича марҳумнинг онаси Нигора Қамбарова билан суҳбатлашган.
Нигора Қамбарованинг айтишича, тўрт қиздан кейин туғилган ягона ўғил фарзанди Муҳаммадқодир Пўлатов 2024 йилнинг август ойида Фарғона шаҳридаги савдо дўконларининг бирида безорилик ҳолатига аралашиб қолган. Тергов жараёнлари тўрт ой давом этгач, декабрь бошида ўғли уч йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.
«Дўконга етказилган барча зарарни қопладик. Дўкон эгаси ва воқеа гувоҳлари даъвоим йўқ, деган бўлса-да, лекин давлат даъвогар бўлди ва ўғлим уч йилга қамалди. Декабр бошида Тошкентга олиб кетишди. 10–15 кунлик карантиндан сўнг Олмалиқдаги 14–сонли колонияга жойлашди. Шу йилнинг 26 январ куни ўғлимнинг туғилгани кунини бирга нишонладик. 24–26 январ кунлари узоқ муддатли учрашувда бўлдик, уч кун фарзандим билан бирга колония ҳудудидаги меҳмонхонада жуда чиройли яшадик. Ўша вақтда ўғлим соғлиғидан умуман шикоят қилгани йўқ. 9 ёшидан бери спорт билан шуғуллангани учун ҳар доим соғлом юрарди, касал бўлганини умуман эслолмайман. „Ёз охирларида озодликка чиқсам, тўйим бўлади. Унгача келин топиб туринг, ҳаммаси яхши бўлади“, деган эди. Бу ўғлим билан сўнгги учрашув ва суҳбатимиз бўлди. Ўшандан бери қўнғироқ орқали ҳам гаплашганимиз йўқ», — дейди марҳумнинг онаси.
Онанинг сўзларига кўра, Муҳаммадқодир Пўлатов вафоти ҳақидаги хабар оила аъзоларига 15 феврал куни эрталаб соат 07:00 ларда телефон орқали маълум қилинган.
«Ўғлим 14 феврал куни касал бўлган экан. Жума куни кечаси жони узилган, дейишди. Эрталаб ўрнидан турганида кўнгли айниб, қусган ва уни реанимацияга олиб боришган экан. Наҳотки фарзандим жонлантириш столига ётқизилган пайтда биз, яқинларига хабар бериш мумкин бўлмаса? Экспертизага олиб бориб, жасадини ёриб, ҳамма жойини чоклаб, моргга топширишганидан сўнг бизни хабардор қилишди. Шу ҳолатнинг ўзиёқ менда шубҳа уйғотяпти», — дея қўшимча қилди у.
«Фарғонадан тўғри Тошкентдаги моргга бордик. Ўғлимнинг жасадини тайёр қилиб, ўраб қўйишган экан. Ўша ерда бир ички ишлар ходимини кўрдим. У ўзини колония раҳбарининг ўринбосари Баҳром деб таништирди. Айтишича, фарзандим эрталаб ўрнидан туриб қусган, кейин шифохонага олиб боришган. „Шахсий машинамда шифохонага олиб бордим, дори-дармонларини қилиб бердим, қўлимдан келган ҳамма нарсани қилдим. Лекин тунги соат 12 ларда ўғлингизни жони узилди“, деб барибир ўзини оқлади ички ишлар ходими», — дейди Нигора Қамбарова.







