Туркия ҳукумати истанбулликларни кучли зилзила ва цунами хавфидан огоҳлантирди. 15 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган мегаполис шаҳарда 7 магнитудадан юқори зилзила бўлиши мумкин ва бу баландлиги 3-5 метрли цунамига сабаб бўлади. Қирғоқбўйи ҳудудларда сиреналар ўрнатилган, аҳолига хабарномалар етказиш тизими фаол йўлга қўйилди. Истанбулда яшовчи ўзбек журналисти Соҳиба Ҳаётга кўра, зилзиладан қўрқиб, Анқарага кўчиб кетаётганлар ҳам бор.

Туркия ҳукумати Санторини оролидаги сейсмик фаоллик сабаб эҳтимолий зилзила ва цунамига тайёргарликни бошлади. Давлат табиий офатлар ва фавқулодда вазиятлар бошқармасига таяниб, қатор турк ОАВ аҳолини кучли ер қимирлашидан огоҳлантирмоқда. Қирғоқбўйи ҳудудларда сиреналар ўрнатилди, аҳолига зилзиладан аввал смс-хабарлар жўнатиш тизими фаоллаштирилмоқда. Туркия матбуоти бунга жиддий эътибор қаратяпти.

Бугун Туркиянинг Истанбул шаҳрида яшовчи журналист Соҳиба Ҳаёт фикрича, зилзила мавзуси – турклар учун доимий кун тартибида. Уй харид қилишда, иш танлашда, яшаш учун шаҳар танлашда айтиладиган критериялардан бири – зилзилага боғлиқ бўлади.

“Етти баллдан юқори зилзила бўлишини хабар қилишмоқда, матбуот ҳам шуни гапиряпти ва одамлардан тайёр туриш сўралди. Албатта, зилзиланинг олдини олиб бўлмайди, лекин давлат табиий офатнинг хавфини камайтириши мумкин. Тарғибот ва огоҳлантириш ишлари жуда яхши кетяпти, дея оламан. Бошқарма ходимлари маҳаллаларда уйма-уй ҳам юришибди. Зилзилада энг катта хавф бу – уйларда, ҳукуматнинг ҳозирги бирламчи қилаётган иши шу уйларни текшириш бўляпти. Эскиларини бузиб, янгисига одамларни кўчириш керак” – Соҳиба Ҳаёт, журналист.

Лекин одамларни мустаҳкам ва бақувват уйлар билан таъминлаш иши ҳам осон эмас. Чунки Истанбулда 15 миллиондан ортиқ аҳоли яшайди ва қисқа муддатда ҳаммани янги биноларга кўчириб ўтказиш – имконсиз.

2023 йил февраль ойидаги зилзилалар ва уларнинг аянчли оқибати 50 мингдан ортиқ кишининг қурбон бўлишига олиб келган. Ҳозирда у ҳудудларда ҳали-ҳануз қурилиш ва одамларни уй-жой билан таъминлаш ишлари давом этмоқда. Шундай шароитда ҳукумат қурилиш стандартлари ва зилзилага бардошли биноларни сақлаб қолиш ишида қатъий турибди.

Суҳбатдошимизга кўра, одамлар зилзила мавзусига кўниккан. Чунки зилзила ва табиий офатлар Истанбул аҳолиси учун янгилик эмас ҳамда турклар ҳаётининг бир қисмига айланган, улар буни оддий қабул қилади, дейди Соҳиба Ҳаёт.

“Лекин одамлар икки хил, зилзиладан жуда қўрқадиганлар ҳам бор. Мана шу ер қимирлашидан огоҳлантиришганидан кейин Истанбул ва унинг атрофида турувчилар зилзила эҳтимоли кам деб Анқарага ҳам кўчиб кетишди, шундай ўзбекларни ҳам биламан. Шаҳар билан боғланганлар, уйи, иш жойи шу ерда бўлганлар Истанбулдан кетолмайди. Улар эҳтиёт чорасини кўриб қўйган, дейлик керакли нарсалари ва ҳужжатларини бир жойда сақлайди”