Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Яшнабод туманида содир бўлган ёнғин тўғрисида маълумот берди.

Ижтимоий тармоқларда Яшнобод тумани ҳудудидан ўтган ерусти метро линияси яқинида ёнғин чиққани тасвирланган видеолар тарқалди.

Қайд этилишича, 21 феврал куни соат 22:02 да Авиасозлар 4-даҳасида жойлашган автомобиллар ювиш жойида ёнғин бўлаётгани тўғрисида Тошкент шаҳар ФВБга хабар келиб тушган.

Ёнғин қутқарув экипажлари этилган манзилга соат 22:14 да етиб борган, ёнғин соат 22:27 да қуршаб олинган ва соат 22:33 да ўчирилган.

Ёнғин натижасида тан жароҳати олган ва вафот этган фуқаролар йўқ. Айни вақтда ёнғин сабаби ва моддий зарари аниқланмоқда.

Тошкент метрополитенига кўра, ёнғин «Технопарк-Яшнобод» бекатлари оралиғига яқин бўлган ҳудудда юз берган. «Ҳозирда бу ҳолат тегишли масъуллар томонидан бартараф этилган бўлиб, метрополитен ҳаракатига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаган ва йўналишдаги поездлар ҳаракати белгиланган жадвал асосида ташкиллаштирилган», — дейилади муносабатда.

Аввалроқ Наманганда мебел устахонасида ёнғин чиққани, Олмазор туманида ишлаб чиқариш корхонаси ёниб кетгани тўғрисида хабар берилганди.