Журналистика саҳнаси ортида кўпчиликка кўринмайдиган машаққатли меҳнат ва сабр ётади. Соҳага иштиёқ билан кириб келганлар кўп, аммо қийинчиликларни енгиб, фаолиятини давом эттираётганлар саноқли. Kun.uz’нинг бу галги қаҳрамони жамиятдаги долзарб масалаларни ёритиш билан танилган, 70 дан ортиқ теледастурлар муаллифи, 28 йиллик тажрибага эга журналист Нозима Воҳидова. У Kun.uz мухбири билан суҳбатда дуч келган тўсиқлари, кадрорти ҳақиқатлари ҳамда саратонни қандай енгиб ўтгани ҳақида сўзлаб берди.

Журналистика – қисмат

Аслида одам ўз касби билан туғилади дейишгани рост. Болалигимда уйимизга келган меҳмонлар билан гаплашиш, уларнинг суҳбатини тинглаш ёқарди. Хонадонимизга академик Воҳид Абдуллаев ва академик Ботирхон Валихўжаев каби илм одамлари кўп келарди, катта тайёргарлик кўрардик. Ака-опаларим уларнинг олдига чой олиб киришга ҳайиқиб турса, мен учун меҳмонлар билан суҳбатлашиш ҳақиқий завқ эди. Уларнинг мақтовидан рағбат олардим. Бу қизиқишимни шунчаки меҳмон кутиш эмас, балки журналистикага илк қадам деб биламан. Уйда ҳар доим оила аъзоларим билан интервюлар ўтказар, қишлоқдаги ҳовлимизда саҳна ясаб, қўшниларни чақириб кичик томошалар уюштирар, концертлар қўярдим. Журналист шунақа бўлади, деб ўйлаганман-да. Олқишлар ёқарди, шу сабаб дадам “шуҳратпараст” деб чақирарди.

Олтинчи синфдан пахта теримига чиққанмиз. Овқат солинган тугунча ва кетмон билан далага саҳарлаб бориб, агатларни эгаллаб олардик. Даладаги заҳматли меҳнат ҳозирги журналистик фаолиятим учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилган. У ерда аёлларнинг эрлари томонидан калтакланиши, оиладаги турли низолар ҳақида атрофдаги одамлардан турли хабарлар эшитардим ва аёлларнинг камситилишига жим қараб турмаслик керак, деган фикрлар ўтарди хаёлимдан.

Теримда одамлар устидан самолёт орқали дори сепиб кетиларди, бу болаларга ёмон таъсир қилар ва айримларнинг мазаси қочиб қоларди. Дори сочилаётган вақтда ҳамма этаги билан бошини ёпса, мен самолётга тикка қараб турардим, жараённинг қандай бўлишига қизиқардим ва нима учун инсонлар саломатлиги, манфаати ҳимоя қилинмаслиги ўйлантирарди. Ўша вақтларда бу каби мавзуларни мақола қилиб ёзаман, одамлар муаммоларини ҳал қилишга ёрдамлашаман, деган мақсад қўйганман.

Мактабни тамомлаш арафасида дадамга журналистика соҳасида ўқишни давом эттиришни хоҳлашимни айтдим. Бухорода бу йўналишда таълим олиш имкони йўқлиги сабаб Тошкентга келишимга рухсат берилмади. Отам рус тили факултетида ўқишим ва ҳоким ўринбосари бўлишим мумкинлигини, менда ташаббускорлик борлиги, “кичкина жойларга сиғмаслигим”ни таъкидларди. “Ҳоким ўринбосари бўласан, катта-катта давраларда нутқ ирод қилиб юрасан”, – дердилар доим.